Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Божхона пломбасини қўйиш жараёни соддалаштирилди

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудида авто ва темир йўл транспорт воситаларида божхона назорати остидаги товарлар ташилганда юк бўлимларига махсус божхона пломбалари қўйиш қоидаларига тегишли тузатишлар киритилди (рўйхат рақами 2904-1, 16.08.2019 й).

Эслатиб ўтамиз, махсус божхона пломбалари божхона назорати остида товарлар ташилаётган барча транспорт воситаларининг юк бўлимларига қўйилади.

Қабул қилинган ҳужжат билан божхона пломбалари қўйилмайдиган истисно ҳолатлар рўйхати кенгайтирилди.

Чунончи, мавжуд бўлган истисноларга қуйидаги ҳоллар қўшилди:

  • халқаро шартномаларга мувофиқ, божхона идентификациялаш воситалари сифатида тан олинган хорижий давлатларнинг божхона хизматлари томонидан транспорт воситалари, товарлар ва почта жўнатмаларига қўйилган божхона пломбалари, муҳр, штамп излари ва расмий белгилар, шунингдек транспорт, экспедиторлик ташкилотлари томонидан транспорт воситаларига қўйилган пломба, муҳр ҳамда расмий белгилар мавжуд бўлганда;
  • жўнатувчи божхона постларида хавфни бошқариш автоматлаштирилган ахборот тизими қўлланилганда, агар транспорт воситаси ва унинг юк бўлимида божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфининг белгилари аниқланмаганда (транзит товарлар ортилган транспорт воситалари ҳамда халқаро ҳужжатларда кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно);
  • товар сифатидаги автотранспорт ташишда фойдаланиладиган транспорт воситасига;
  • чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда жойлашган божхона терминалларига юбориладиган автотранспорт воситаларига.

Бундан ташқари, божхона пломбаси тушунчасига ҳам тузатиш киритилди. Киритилган қўшимчага биноан энди бу, шу жумладан транспорт воситаларини бошқариш ва назорат қилишнинг онлайн механизмини назарда тутадиган навигацион божхона идентификациялаш воситасидир.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 16.08.2019 йилдан кучга кирди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

ахборот хизмати.