Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳарбий трибуналнинг қатағон ҳукми 70 йилдан сўнг бекор қилинди

Кейинги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини амалда таъминлаш борасида ижобий ўзгаришлар юз берди. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Туркистон ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон ССР Жиноят кодексининг 14, 125-моддаси «г» банди ва бошқа моддалари билан судланган Мирза Тўлаев (иш материалларида – Тулляев) ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси билдирган протест шу йил 15 апрелда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясига келиб тушди.

Кассация тартибидаги протестда ота-бола М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан бундан 70 йил илгари чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқариш сўралди. Ҳарбий суд мазкур жиноят иши материалларини протест ва қўшимча тақдим этилган ҳужжатлар билан биргаликда кўриб чиқди. Бунда архивдаги ўша давр қонун ҳужжатлари ҳам атрофлича ўрганилди.

 Натижада суд 1905 йил Қашқадарё вилояти, Қарши тумани Хушвақт қишлоғида туғилган ва 1985 йили шу ерда вафот этган Мирза Тўлаев қишлоқ масжидида имомлик қилгани боис, у кишининг ўғли – худди шу манзилда 1928 йили туғилган ва 2008 йили вафот этган Абдирайим Мирзаев диндорнинг боласи бўлгани туфайли ҳар иккисининг шаънига «халқ душмани» деган аёвсиз тамға босилган ушбу жиноят иши юзасидан киритилган кассация протестини қаноатлантириш ҳамда оқлов ҳукми чиқариш учун бир нечта асосларга эга бўлди.

 Биринчидан, жиноят ишидаги айбловлар ўша даврдаги Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми, шунингдек, 14, 125-моддаси «г» банди билан нотўғри малакаланган.

 Даставвал, 1949 йилнинг 3 сентябрида М. Тўлаев ҳибсга олиниб, ЎзССР Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми бўйича «советлар ҳокимиятини йиқитиш, қақшатиш ва заифлатишга ёки айрим контрреволюцион жиноятларни қилишга агитация ёки пропаганда юргизиш, шу мазмунда бўлган адабиётни тарқатиш ёки тайёрлаш ёхуд сақлаш»да айбланган.

 Аммо жиноят ишида М. Тўлаев мазкур жиноятни содир этгани далиллар билан тасдиқланмаган.

 М. Тўлаев қарийб бир ойлик терговлар давомида бу айбни бўйнига олмагани бежиз эмас. У «контрреволюцион агитация ва пропаганда» каби атамани, яъни ўзига қўйилган айблов моҳиятини англаб етмаган бўлса ҳам, ноқонуний равишда ушбу жиноятни содир этганликда айбланган.

Ҳарбий трибунал ҳам айблов билан боғлиқ барча ҳолатларни текширмаган. Натижада М. Тўлаевни айбли деб топиш ҳақида асоссиз хулосага келган.

Шундан сўнг ўрта табақага мансуб мусулмон уламосининг ўғли сифатида 1949 йил 1 октябрда ҳибсга олинган А. Мирзаевга ва отаси М. Тўлаевга ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддасига кўра, «рядовой ва кичик бошлиқлар составидаги шахснинг ўз ихтиёри билан икки соатгача давомликдаги отлучкада (яъни бирон жойга чиқиб кетган – С. Э.) бўлиши, биринчи марта қилинганда», «г» банди – «бир суткадан ошиқча чўзилган ўз ихтиёри билан қилинган отлучка дезертирлик деб танилади», деган нормалари асосида айблов қўйилган.

Ваҳоланки, А.Мирзаев совет армиясига хизматга чақирилмаган ва ҳарбий хизматчи бўлмаган. Шундай экан, унинг отаси М.Тўлаев ҳам ҳарбий хизматчининг дезертирлик қилишига кўмаклашмаганлиги аниқланди.

 Бироқ ўшанда А.Мирзаевнинг совет армиясига хизмат қилишдан бўйин товлагани ёки товламаганлиги дастлабки тергов органи ва суд томонидан текширилмаган. Бу борада бирон-бир етарли холис далиллар тўпланмаган.

 ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддасини ўз ичига олган иккинчи боби «Ҳарбий жиноятлар» деб номланган. Ушбу бобнинг илк моддаси, яъни 121-моддада ишчи-деҳқон қизил армиясининг ҳарбий хизматчилари ва захирадаги ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан уларнинг армия сафларида бўлган вақтларида ҳарбий интизомга зид келадиган ҳаракатларни содир этиши ҳарбий жиноятлар деб тушунилиши қайд этилган. Шу маънода, М.Тўлаев ва А.Мирзаевга қўйилган айбловлар ЎзССР Жиноят кодексининг 125-моддаси «г» банди билан нотўғри малакаланган.

Ўз навбатида, ЎзССР Жиноят кодексининг 14-моддасига мувофиқ, «Ҳар қандай жиноий ҳаракатни бажаришда бевосита қатнашган шахслар – жиноятни бажарувчилар деб саналадилар». М.Тўлаев ва А.Мирзаевга эълон қилинган айбловлар ўша даврдаги Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми, шунингдек, 125-моддаси «г» банди билан нотўғри малакаланганини айтдик. Демак, ҳар икки фуқаронинг 14-модда асосида жиноятни бажарувчилар деб саналиши ҳам қонунга хилофдир.

Иккинчидан, ҳарбий трибунал ҳукмида М.Тўлаев ва А.Мирзаевни ушбу жиноятларни содир қилганликда айбли деб топишда фақат уларнинг ўз айбларига иқрорлиги ҳақидаги кўрсатувлари ва гувоҳларнинг кўрсатувларигагина таянилган.

 Хусусан, М.Тўлаев дастлаб унга эълон қилинган айбловларнинг биронтасини бўйнига олмаган. Лекин бир ой давом этган терговдан сўнг ўғли А.Мирзаев ҳам ҳибсга олинганидан хабардор бўлгач, уни ҳарбий хизматдан яшириб қолишга доир айбга иқрорлик билдирган. Шу билан ўғлини ноҳақликлардан сақлаб қолишга интилган.

А.Мирзаев отаси М.Тўлаевнинг тергови бўйича гувоҳ сифатида чақирилган пайтидаёқ барча айбларни ўз бўйнига олган. Кейинчалик ҳам буни инкор қилмаган.

 Бунда А.Мирзаев, бир томондан, отасига имкон қадар енгил бўлишини, иккинчи томондан, боқувчиларсиз қолаётган икки оила тақдирини ўйлаган.

Чунки А.Мирзаев ҳибсга олинганида рафиқаси 2 ёшли қизи ва 1 яшар ўғли билан, М.Тўлаев қамалганда эса аёли 2 нафар балоғатга етмаган боласи билан боқувчисиз қолган.

 Аммо судда М.Тўлаев ва А.Мирзаевнинг ушбу иқрорлиги руҳий-маънавий тазйиқ туфайли экани инобатга олинмаган. Судланувчиларнинг ўз айбларига иқрорлиги мавжуд далиллар мажмуи билан асосланмаган.

 Гувоҳлар берган кўрсатувларнинг ишончлилиги ҳам қўшимча далиллар тўплаш орқали текширилмаган. Иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган гувоҳлар доираси аниқланмаган. Шундай холис гувоҳларни чақириб сўроқ қилиш чоралари кўрилмаган.

Ана шу омиллардан ҳам яққол кўриниб турибдики, М.Тўлаев ва А.Мирзаев, аслида, ҳеч қандай жиноят содир этмаган бўлиб, улар сиёсий айбловлар билан қатағон қилинган. Оқибатда дину эътиқодида мустаҳкам турган М.Тўлаев – 10 йил, ўғли А.Мирзаев – 6 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

 Хулоса қилиб айтганда, ХХ асрнинг 37-50-йилларидаги катта қатағон қурбони бўлган ота-болалар Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевга нисбатан адолат орадан 70 йил ўтиб, ниҳоят қарор топди. Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 30 апрелдаги очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди ва якуний хулосага келинди.

Ҳарбий суд ажримига кўра, Туркистон ҳарбий округи Самарқанд гарнизони ҳарбий трибуналининг 1949 йил 9 декабрдаги М.Тўлаев ва А.Мирзаевга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилиниб, Мирза Тўлаев ва Абдирайим Мирзаевнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди. М. Тўлаев ва А. Мирзаев айбсиз деб топилиб, оқландилар.

Мирза бобо бу ёруғ оламни тарк этганидан сўнг 34 йил ўтиб ва Абдирайим бобонинг вафотига 11 йил тўлганда, айнан муборак Рамазон ойи арафасида уларнинг номлари оқланди.

 Садриддин Эшонқулов,

Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий судининг раиси.