Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавируснинг «британча» штамми болаларда бошқача аломатлар билан кечмоқда

«Буюк Британияда аниқланган ва юқумлилиги жиҳатидан кучлироқ экани айтилган COVID-19нинг янги штамми болаларда бироз бошқача аломатлар билан кечаётгани аниқланди. Бу «ZOE Symptom Tracker» иловаси ёрдамида олиб борилган тадқиқотлар туфайли маълум бўлди.

Соғлиқни сақлаш бўйича мутахассисларнинг фикрига кўра, касал болаларнинг аксарияти чарчоқдан азият чекади. Инфекцияни юқтирган чақалоқларда тез-тез йиғлаш ҳолатлари учрайди.

Касалланган болаларнинг ярмидан кўпи (53 фоизи) бош оғриғидан шикоят қилган. Шу билан бирга, уларда қорин оғриғи ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун, шифокорлар ота-оналарга қорин бўшлиғидаги ноқулайлик билан бир вақтда пайдо бўладиган бош оғриғи бор-йўқлигини болаларидан сўраб туришларини маслаҳат беришмоқда.

Яна бир аломат — 37 даражадан юқори иситма. У коронавируснинг «британча» штамми билан оғриган болаларнинг деярли ярмида учради.

Шунингдек, бетоб болаларнинг 38 фоизи томоқ оғриғидан шикоят қилганини аниқлади. Бу аломат одатда вирусли инфекциянинг белгиси. Томоқдаги оғриқ шамоллаш, грипп ёки COVID-19нинг белгиси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, касалланганларнинг тахминан 35 фоизи иштаҳани йўқотганини айтишган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, кўпинча бир ёшга тўлмаган чақалоқлар бунга дуч келишади. Шунинг учун улар ота-оналарга таомни кичикроқ қисмларга бўлиб, болаларни кам порция билан, аммо тез-тез овқатлантиришни маслаҳат беришади».