Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Наманганда 500 кишилик тўй тўхтатилди (видео)

Жойларда баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар танқидидан, умуман олганда, жамоатчиликнинг босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида зиддиятлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Шунингдек, Айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимларига катта маблағ сарфланиши туфайли қарзга ботмоқда ва қарзни узиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида Наманганда мутасаддилар томонидан кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Натижада 500 кишига мўлжалланган тўй қисқартирилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарорига биноан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида”ги низом эълон қилинган эди.

Ҳужжат 2020 йил 1 январдан кучга киради. Унга кўра:

⚪ оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 дан ва 23:00 гача оралиқда ўтказилади;
⚪ тўй-ҳашамлар ҳақида камида 1 ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиш зарур;

⚪ дин мавзусидаги маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади;
⚪ дафн этиш ва мотам маросимлари («етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказо) ҳамда тўй-ҳашам («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказо) билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ўтказишга рухсат берилмайди;

⚪ оилавий тадбирларда 200 нафаргача, ош маросимларида 250 нафаргача киши қатнашади;
⚪келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетишида 3 тадан кўп бўлмаган енгил автомашинадан фойдаланиш мумкин;

⚪ тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун албатта шартнома тузилади.