Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий Мажлис Сенати аъзолари Каттақўрғонда маҳалла фаоллари билан учрашди

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Рўзибой Саидов, қўмита аъзоси, сенатор Нигора Раббимовалар Каттақўрғон шаҳрида маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказди.

Шаҳардаги мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган учрашувда Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида қабул қилинган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.

Таъкидландики, 31 та масала кўриб чиқилиб, 19 та қонун маъқулланди. Мазкур қонунларнинг 12 таси янги, 5 таси амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ва 2 таси Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳужжатларини ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлардир.

Шунингдек, учрашувда тўйлар, оилавий маърака ва маросимлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Яъни, тўйларда ортиқча дабдаба, исрофгарчилик каби ҳолатларнинг олдини олиш долзарб масалага айланган. Шу жиҳатдан, кенг жамоатчиликнинг таклиф ва талаби асосида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди.

- Тўй ва оилавий маросимлардаги ортиқча дабдаба, исрофгарчилик ҳолатлари кўп йиллардан буён жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлиб келмоқда, - дейди Рўзибов Саидов. – Хабарингиз бор, бу масалага Олий Мажлис Сенати томонидан 2018 йилдан буён жиддий эътибор қаратилиб, тегишли қарорлар қабул қилинганди.

Мазкур ҳужжатларда масъулият, асосан, жамоатчилик, ҳудудлардаги комиссиялар зиммасига юклатилганди. Афсуски, бу кутилган натижани бермади. Тўғри, ўша вақтда дабдабалар бир оз пасайгандек бўлди-ю, бироқ тўй ва оилавий маросимларда яна кимўзарга тадбир ўтказиш, исрофгарчилик каби ҳолатлар авж олди.

Шу боис, парламент палаталари томонидан аниқ нормалар белгилаб қўйилдики, бу билан мутасадди ташкилотларга тўй ва бошқа маросимларни ихчам ўтказишни таъминлаш масъулияти юкланди.

Ўзаро мулоқот давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти хусусида ҳам сўз юритилди.

Сенат аъзолари шаҳардаги 1-сектор штабида бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, умуман, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ёқуб МАРҚАЕВ.