Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўйламай отилган сопқон ҳам бетга тегади, ҳам...ёмон тегади

 

Кейинги йилларда мамлакатимиз ички ва ташқи ҳаётида ўзбек тилининг  вазифавий-услубий имкониятларини  янада кенгайтириш борасида кўп ишлар амалга оширилди. 2016 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, 2018 йил 15 майда тасдиқланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси»нинг ишлаб чиқилиши, «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг  пойтахтимизда  қай даражада амал қилинаётганлигининг  кенг таҳлил этилиши ва ҳоказолар шулар жумласидандир.

Аммо бу борадаги ишлар шижоатини тезлаштириш бугун ҳаётий эҳтиёжга айланганлигини матбуотда эълон қилинаётган асоссиз мурожаату унга билдирилаётган ҳис-туйғуларга тўла эҳтиросли фикр-мулоҳазалар ҳам кўрсатиб турибди. “Зиёли”ларга кўпчилик ўз муносабатини билдириб улгурганлиги боис гапни мухтасар қилиб, дўппини ёнга қўйиб, совуққонлик билан бундан кейин бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик чорасини кўришимиз керак.

Карвон йўлдан чалғимаслиги учун эътиборни уларга эмас, қилинадиган ишларга қаратиш фойдали бўлади. Чунки эртага яна бу каби хурмача қилиқ кўрсатувчи янги “зиёлича”ларнинг чиқмаслигига кафолат йўқ. Бу борада профессор Шуҳрат Сирожиддиновнинг фикрларини тўлиқ қувватлаймиз. Ўттиз йилдан бери тилимиз мавқеи ҳақида гапириб, бир жойда тепсинаётган жараённи жимгина кузатдик. Аммо  энди зудлик билан уларни амалиётга жорий этиш вақти етиб келди. Бунинг учун назаримизда қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7 боб, 29 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси мутахассислар эътиборидан ўтказилиб, амалиётга жорий қилиниши керак. Моддалар аниқ, муҳокамага ўрин қолдирмайдиган, узил-кесил бўлиши зарур. Уларда қонуний куч сезилиб туриши лозим.

Қонун моддаларида иш юритишда қонунга,  ўзбек тили қоидаларига амал қилмайдиган муассаса, ташкилот ва корхоналарга кескин чоралар белгиланиши керак.

Республикамиз ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни ижросини назорат қилувчи махсус гуруҳ ташкил қилиниб, уларнинг ишлари мавсумий ёки кампаниячилик эмас, доимий тарзда йўлга қўйилиши таъминланиши лозим.

Республикамиз шаҳар ва қишлоқларидаги кўчаларда, савдо, умумий овқатланиш шохобчаларининг номланишидан тортиб, давлат тилида иш юритишигача қатъий назоратга олиниши, бунинг учун мутасадди ташкилотлар белгиланиши ва улар ўз фаолиятлари тўғрисида юқори ташкилотларга ҳисобот бериб боришларини йўлга қўйиш лозим.

Тил сиёсати бевосита таълим тизими билан боғлиқ. Бугунги кунда тилимизни нафақат бошқа миллат вакилларига, балки ўзбек тилида сўзлашувчиларга ҳам ўргатиш кун тартибидаги муаммолардан бирига айланган. Шунинг учун республикамизнинг барча олий ўқув юртлари ўқув режасига “Ўзбек тили”, “Ўзбек тилида иш юритиш”  фанлари киритилиши керак.

Мамлакатимизда  таълим жараёнида лотин ёзувини жорий этиш вақти келди ва уни зудлик билан амалга ошириш лозим. Бу эса таълим жараёни сифатига ва такомиллашувига хизмат қилиши шубҳасиз.

Қайд этилган вазифаларнинг тезликда амалга оширилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаши ва ўткинчи ҳолатларнинг олдини олишига замин яратишига ишонамиз.

Толиб ЖЎРАЕВ,

Эркин МУСУРМОНОВ,

СамДУ доцентлари.