Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Покистонда ҳалокатга учраган самолёт қурбонлари сони 97 нафарни ташкил этмоқда

Покистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Карачи аэропорти яқинида Airbus A-320 самолётининг ҳалокатга учраши оқибатида 97 киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.

“Самолёт бортида жами 99 киши бўлган. Улардан 97 киши ҳалок бўлган. Икки киши омон қолган”, дея ёзган вазирлик матбуот котиби Миран Юсуф ўзининг Твиттер саҳифасида. Шу билан бирга, у айни вақтгача 19 нафар ҳалок бўлганларнинг шахси аниқланганини маълум қилган.

Ҳалокат содир бўлган жойда қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда. Авиакомпания расмийлари тақдим этган маълумотига кўра, самолёт бортида 91 нафар йўловчи ва саккиз нафар экипаж аъзоси бўлган.

Покистон Бош вазири Имран Хан ҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича текширув ишлари бошланганини маълум қилди. Фуқаролик авиацияси бошқармаси тақдим этган маълумотга кўра, самолётнинг “қора қутиси” топилган. Қути самолётни ишлаб чиқарувчига ўрганиш учун юборилади.