Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қайси мавзуни ёритишимиз муҳокамаси “Kun.uz”га қолмаган

Гап “Kun.uz”да 27 июль куни эълон қилинган Ҳар ҳоким алмашганда шу бўлар такрор: Самарқандда дўконли бекатларга «булдозер» келадиганга ўхшайди” сарлавҳали мақола устида бормоқда.

Биз, очиғи, муаллифи кўрсатилмаган мақоладан мақсад нима эканини тушунмадик.  ...“бекатларда дўкон бўлиши қандай салбий оқибатлар келтириб чиқараётгани билан танишишнинг иложи бўлмади” дейилган. Агар танишмаган бўлсангиз, нега муносабат билдирасиз? Агар танишишни хоҳлаганингизда мақола чоп этилган газетанинг қачон чиққани ҳоким ўринбосарининг муносабатида ҳам қайд этилган эди. Қолаверса, ушбу мақола Zarnews.uz сайтида 5 июль куни бошқа сарлавҳа билан (“Бекат осмондан тушганми? Ёхуд савдо мажмуасига айланган бекатлар хусусида”) берилган. Номаълум “муаллиф” истаганида буни ҳам топиб кўриши мумкин эди.

Самарқандда юзлаб бекатлар бор. Кейинги йилларда Самарқандда трамвай қатновининг йўлга қўйилиши туфайли шаҳарнинг Беруний, Буюк ипак йўли, Сартепа, Рудакий кўчаларида бекатлар бузилиб, қайта қурилди, холос. Қолгани илгари қандай бўлса, ўша ҳолатда турибди. “Зарафшон” газетаси ва Zarnews.uz'да берилган материални ўқиган биринчи синф ўқувчиси ҳам осон тушунади: Мисол учун, Рудакий кўчасида “Нурли йўл”, “Даҳбед”, “Буюк Турон” сингари бекатларда йўловчилар учун етарли шароит йўқ. Бекат тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан эгалланган. Гагарин кўчасидаги бекатларда ҳам бу каби ҳолатларни кузатишингиз мумкин. Шаҳар четида ёки йўловчи кўп тўпланмайдиган бекатлар эса тадбиркорлар билан бирга мутасаддиларнинг ҳам эътиборидан четда қолган. Уларнинг аксарияти ҳатто таъмирланмаган”.

Ҳокимлар билан “ўйинга кирган” ёки улар билан “ҳисоб-китоб” қилмоқчи бўлган мухбир газетани, бизнинг сайтни ўртага қўшиб нима қилади? Нуфузли сайтнинг вакили фол очгандан кўра мақолани ўқиганида тадбиркорларнинг “асло ўзбошимчалик билан” эмас, “шаҳар ҳокимлигининг қарорига асосан” дўкон қургани ҳақида ҳам мулоҳазалар билдирилганига гувоҳ бўларди:

“Бекатларнинг дўконга айлантириб юборилишида “бекат-дўкон” эгалари айбланмоқда. Бу нотўғри демоқчи эмасмиз. Тўғри, бекатни савдо марказига айлантирган тадбиркорлар ноқонуний иш қилган. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борлигини ёддан чиқармаслик лозим. Демоқчимизки, бекатлар тайёр ҳолида осмондан “лоп” этиб тушиб қолмаган.

Бундай дейишимизга сабаб бор, албатта. Дўконга айланиб кетган бекат лойиҳасини қурилиш бошқармаси кўрмаганми? Улар кўрмаса, нега лойиҳани экспертизадан ўтказган ташкилот бу ҳолатга кўз юмиб, тасдиқлаб берган?

Майли бекатлар “эгалари” бу ташкилотлардан қандайдир йўл билан лойиҳани ўтказишгандир, аммо унга эгалик ҳуқуқини чиқариб берган шаҳар ҳокимлиги қаерга қараган?”

Мақолада Самарқанд шаҳридаги бекатлар ҳақида сўз юритилган бўлса-да бундай ҳолат бошқа туман ва шаҳарларда ҳам мавжуд. Шу боис халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг жорий йилнинг 27 февраль куни ўтказилган олтмиш иккинчи сессиясида муҳокама этилган “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Самарқанд шаҳридаги ижроси тўғрисида”ги масала юзасидан қабул қилинган қарорда шаҳар, туман ҳокимларига туман марказлари ва йирик қишлоқ жойларида автобекатлар қуриш, борларини таъмирлаш чораларини кўриш вазифаси топширилган.

Самарқанд вилояти қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори томонидан 2019 йил 29 май куни шаҳар ва туман қурилиш бўлимлари бошлиқларига қуйидаги хат юборилган:

 

“Вилоятнинг бош нашри шу нарсани кўтариб чиққани” боиси мана шунда. Умуман, қайси мавзуни кўтариб чиқишни таҳририят ўз ўқувчилари, жамоатчилик фикрига таяниб амалга оширади ва бу асло “Kun.uz”ни ташвишлантирмай қўя қолсин.

Муаллиф қайси автобекатдаги тадбиркорнинг жабр кўрганидан айюханнос солаяпти? Ахир шаҳар ҳокими ўринбосари жавобида “...янгидан ташкил этиладиган бекатларни шаҳар ҳокимлиги маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан ташкил этиш белгилаб олинди” дейилганку!

Яна бир гап, салгина фаросатли мухбир танқидий мақола чиққандан 22 кун ўтгандан кейин келган жавобни ҳокимликнинг “лаббай”и деб қабул қилмайди? Қолаверса, ҳокимлик жавобида  “...ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан шаҳардаги бекатларни хатловдан ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида таҳририятга қўшимча маълумот тақдим этиб борилишини маълум қиламиз” деб ёзилган. Шу сабабли ҳам муаллифсиз мақоладаги “куюнчаклик” “подадан олдин чанг чиқариш”ми, “қўрққан олдин мушт кўтариш”ми - нима эканини тушунмадик. Ушбу “жасорат”га жазм этган мухбир Самарқанд шаҳридаги бекатларга машина ойнасидан бир қараб ўтса, ҳолатга ўзи гувоҳ бўлади.

Бизнингча, нуфузли сайтга “Шаҳарда ҳал қилинишини йиллар давомида кутаётган шунча муаммолар мавжуд бўла туриб вилоятнинг бош нашри шу нарсани кўтариб чиққани, ҳокимлик эса дарров «лаббай» деб бекатлар учун ишчи гуруҳи тузиши бироз ажабланарли, албатта,” деган хулоса бериш ярашмайди. Мухбир қизиққонлик қилган бўлиши мумкин, аммо таҳририят мутасаддилари бу ҳақда жиддий ўйлаши керак эди. Бизнинг фаолиятимизни ўқувчи баҳолагани маъқул. Танқид ҳам зардали эмас, пардали бўлсин, азиз ҳамкасблар!

Ф.ТОШЕВ.