Бекат осмондан тушганми? Ёхуд савдо мажмуасига айланган автобус бекатлари хусусида
Кейинги пайтда Самарқанд шаҳридаги аксарият бекатларнинг замонавий қиёфа касб этганига гувоҳ бўляпмиз. Бироқ уларда йўловчилар учун эмас, кўпроқ бу объектни қурган тадбиркор учун қулайликлар яратилган. Негаки, шаҳардаги бекатларнинг 70-80 фоиз қисмига савдо дўконлари жойлаштирилган. Айримларида эса йўловчилар учун деярли жой қолдирилмаган.
Бу борада мавжуд вазиятни ўрганар эканмиз бир ҳолат эътиборимизни тортди. Одатда, марказий кўчалар, яъни одам гавжум бўладиган жойлардаги бекатлар тадбиркорлар томонидан “обод” қилинган. Ажабланарлиси, улар томонидан мижозлари (майли шу ўринда йўловчи бўлмасин) учун бирор қулайлик яратилмаган. Ҳа, айрим жойларда ҳатто, олган маҳсулотингизни ҳузур қилиб истеъмол қилишингиз учун ҳам имконият йўқ. Ҳалику дам олиб ўтириш, ёзнинг жазирамасида салқин ёки қишнинг қаҳратонида иссиқ хонада автобус келгунча дам олишни айтмаяпмиз.
Мисол учун, Рўдакий кўчасида “Нурли йўл”, “Даҳбед”, “Буюк Турон” сингари бекатларда йўловчилар учун етарли шароит йўқ. Бекат тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан эгалланган. Гагарин кўчасидаги бекатларда ҳам бу каби ҳолатларни кузатишингиз мумкин.
Шаҳар четида ёки йўловчи кўп тўпланмайдиган бекатлар эса тадбиркорлар билан бирга мутасаддиларнинг ҳам эътиборидан чет қолган. Уларнинг аксарияти ҳатто таъмирланмаган.
Хусусан, Гагарин кўчасининг вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси рўпарасидаги ҳамда Самарқанд олимпия захиралари мажмуаси ёнида жойлашган икки бекат эътиборсизлик оқибатида бугун хароб ҳолга келиб қолган. Бекатдаги савдо дўконлари ичига чиқинди тўпланган. Аммо ушбу бекатларда йўловчиларнинг автобус кутиб турганига гувоҳ бўласиз.
Шу ўринда аксарият бекатларда автобусларнинг турнақатор бўлиб тизилиб қолиши нафақат йўловчиларга, балки йўлда ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларига ҳам бир қанча муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, шаҳардаги Даҳбед чорраҳасида, Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Зебо”, “Университет ҳиёбони”, “Кафтархона бош бекати”, маҳаллий халқ тили билан айтиладиган “Поворот” бекатида тартибсизликларга гувоҳ бўласиз.
Бекатларнинг дўконга айлантириб юборилишида “бекат-дўкон” эгалари айбланмоқда. Бу нотўғри демоқчи эмасмиз. Тўғри, бекатни савдо марказига айлантирган тадбиркорлар ноқонуний иш қилган. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борлигини ёддан чиқармаслик лозим. Демоқчимизки, бекатлар тайёр ҳолида осмондан “лоп” этиб тушиб қолмаган.
Бундай дейишимизга сабаб бор, албатта. Дўконга айланиб кетган бекат лойиҳасини қурилиш бошқармаси кўрмаганми? Улар кўрмаса, нега лойиҳани экспертизадан ўтказган ташкилот бу ҳолатга кўз юмиб, тасдиқлаб берган?
Майли бекатлар “эгалари” бу ташкилотлардан қандайдир йўл билан лойиҳани ўтказишгандир, аммо унга эгалик ҳуқуқини чиқариб берган шаҳар ҳокимлиги қаерга қараган? Ахир эгалик ҳуқуқини чиқариш учун бутун бошли комиссиянинг хулосаси олинмайдими?
Ўйлаймизки, бу ташкилотлар бекатлар қай тарзда дўконга айланиб қолганлиги, муаммонинг ечими тўғрисида ўз муносабатларини билдиришади.
Аммо, кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган, вилоят ҳокимлиги даражасида кўриб чиқилаётган бу ҳолатга энди ҳуқуқ-тартибот органлари қонуний баҳо берса тўғри бўларди.
Бахтиёр МУСТАНОВ,
“Зарафшон” мухбири.