Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда 70 нафарга яқин врачга эҳтиёж бор

Кейинги йилларда Қўшработ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохона биноси таъмирланиб, замонавий мебель жиҳозлари ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Бу ишлар чекка ҳудудлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда ҳам давом этмоқда. Аммо бинолар янгича кўринишга эга бўлиб, замон талаблари асосида жиҳозлангани билан тиббий хизмат сифатини ошириб бўладими?

- Йўқ, бу билан тиббий хизмат сифатини ошириб бўлмайди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Улуғбек Шамсиев. – Замонавий тиббий ускуналардан тўғри фойдаланиш керак. Бунинг учун эса малакали мутахассислар зарур. Туманимизда олий маълумотли тиббиёт ходимларига эҳтиёж катта. Бугунги кунда тиббиёт муассасаларимизда 142 нафар шифокор меҳнат қилмоқда. Улардан 18 нафарини 30 ёшгача, 22 нафарини 60 ёшдан 70 ёшгача, 4 нафарини 70 ёшдан ошганлар ташкил қилади. Бу аҳолиси 132 минг нафарга яқин бўлган, боз устига тарқоқ жойлашган туман учун етарли эмас, албатта. Умуман олганда, 67 та врачлик иш ўрни бўш турибди.

Кейинги йилларда тиббиёт коллежларини битириб, ишсиз юрган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бу муаммо Қўшработда ҳам бор.

- Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шифо масканларида 832 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритяпти, - дейди У.Шамсиев. – Уларнинг 265 нафари 0,5, 126 нафари эса 0,75, қолганлари тўлиқ штат бирлигида ишлаб келмоқда. Тиббиёт коллежларини битирган ва мутахассислиги бўйича иш сўраб мурожаат қилган 170 нафар йигит-қиз ишга қабул қилиш учун рўйхатга олинган. Улар навбати билан, синов асосида ишга жойлаштирилмоқда. Бу масаланинг ечими бўйича иш ўринларини ўрганганимизда оилавий шароити яхши бўла туриб, нафақа ёшида ҳам ишлаб юрган аёллар борлиги аниқланди. Улар ўз ўринларини ёшларга бўшатиб беришни истамайди. 28 нафар хотин-қиз эса кичик тиббиёт ходими сифатида ишга кириш учун навбатда турибди.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан устувор вазифалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, Самарқанд давлат тиббиёт институти битирувчиларини ишга жалб қилиш ва мақсадли ординатура орқали врачларга бўлган эҳтиёжни қоплашни мўлжаллаяпмиз.

Шунингдек, “Қўшработ” қишлоқ врачлик пункти учун янги бино қурилади. Қовунчи, Қувкалла, Пангат ва Жонбулоқ қишлоқларидаги тиббиёт муассасаларида капитал таъмирлаш ишлари бажарилади. Пангат ва Қувкалла маҳаллаларида тез тиббий ёрдам шохобчаларини ташкил қилиш ва автомашина билан таъминлаш режалаштирилган.

Дилноза Ҳасанова.