Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработда давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Самарқанд вилоятидаги олис Қўшработ тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, Давлат хизматлари агентлиги вилояти бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мазкур марказнинг бунёдкорлик ишлари "Қўшработ Транс строй" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан олиб борилиб, қурилиш ишларига давлат бюджетидан 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди.

Янги иншоотда адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси, болалар, тиббиёт, инвесторлар хоналари мавжуд. Масканда электрон навбат тизими жорий этилган ва Халқ банки кассаси жойлаштирилган. Марказ бир вақтнинг ўзида 20 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Замон андазаларига мос равишда жиҳозланган бинода 6 та мониторда 100 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар фуқароларга тақдим этилган.
Янги бинонинг кириш қисмида хизматлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи INFOLAND ўрнатилган бўлиб, унда давлат хизматлари маркази томонидан кўрсатиладиган хизмат номлари ва уларнинг QR-кодлари жойлаштирилган. Мобил телефонда QR-кодни сканер қилиш ҳамда илова орқали ушбу хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконияти мавжуд.

Инвесторлар учун зарур бўлган хизмат турлари эса рус ва инглиз тилларида жойлаштирилган.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.