Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўшработдаги дўкондан ўғирлик содир этган йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фуқаро И.Қ. бугунгача бирор бир тайинли ишнинг бошини тутмаган, замон зайли билан айтганда тадбиркорлик, олий таълим муассасаларида таҳсил олиш каби очиқ имкониятлардан фойдаланишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, ҳалол меҳнат билан ризқ топиш ақидасини анча четлаб ўтган йигитлардан.

Қўштирноқ ичидаги қаҳрамонимиз 1996 йилда Иштихон туманида туғилган. У ўғирлик, безорилик каби иллатлар билан ўз қисматига "муқаддам судланган шахс" номли тамғани ҳам босиб улгурган. "Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас" деганларидек, уни осон пул топиш илинжи яна бир жиноят томон етаклади.

И.Қ. жорий йилнинг 8 январидан 9 январига ўтар кечаси Қўшработ тумани Қийқим қишлоғида яшовчи К.Э. га тегишли савдо дўконидан қиймати 10 миллион 500 минг сўм бўлган пулларни ўғирлади.

Аммо қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади, деган гап бор.

Қўшработ тумани ҳокимлиги хабарига кўра, 2021 йил 17 январь куни И.Қ. га Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.