Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари ахборотидан депутатларнинг кўнгли тўлмади

Аввал хабар берганимиздек, бугун халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда дастлаб, вилоятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ф.Абиловнинг ахборот тингланди.

Қайд этилишича, вилоятимизда доимий яшовчи 3 миллион 911 минг кишинининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ҳисоб-китоб қилиниб, етиштирилган ортиқча маҳсулотларни қайта ишлаб истеъмол бозорига, шу жумладан экспортга чиқариш режалаштирилган.

Бу борада 2021 йил ҳосили учун ноябрь-декабрь ойларида фермер, деҳқон хўжалиги ва аҳоли томорқаларида тўқсонбости усулида сабзавот экинларини ўз вақтида ва сифатли экилиши бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, чорвачиликни ривожлантириш борасида ҳам келгуси йил учун истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Бироқ муҳокамалар давомида ҳоким ўринбосари сессияга зарур даражада тайёргарлик кўрмаганлиги қайд этилди.

- Сиз аниқ маълумот беринг, қачон қайси маҳсулотнинг нархи қанча бўлади? - деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Э.Турдимов.

Сессияда 2021 йил апрель ойида ушбу масалада вилоят ҳокими ўринбосари ҳисоботини яна эшитишга қарор қилинди.