Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд хавф остидаги жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилмади

ЮНЕСКО Самарқандни хавф остидаги жаҳон маданий мероси рўйхатига киритмайдиган бўлди. Бу ҳақда Бокуда бўлиб ўтаётган Жаҳон маданий мероси қўмитасининг (World Heritage Committee) 4 июлдаги сессиясида қатнашган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов хабар берди, деб ёзмоқда Minbar.

«Самарқанд бўйича ҳужжатда Жаҳон маданий мероси қўмитаси ўз экспертларига ўзбек томони тақдим этадиган 2022 йилда ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш ва "Самарқанд туризм зонаси" доирасида инфратузилмаларни ривожлантириш лойиҳаларини тезроқ кўриб чиқишни топширди», – дейди бош вазир ўринбосари.

Жаҳон маданий мероси қўмитасининг Бокудаги сессияси арафасида чоп этилган ҳужжатда айтилишича, Самарқанднинг тарихий қисмида уйлар, меҳмонхоналар ва бошқа бинолар қурилмоқда. Бу эса маданий қийматга эга тарихий биноларга зарар етказмоқда.

Шунингдек, қўмита экспертлари 2022 йилда ШҲТ саммитига тайёргарлик кўриш ва "Самарқанд туризм зонаси" доирасида янги меҳмонхоналар ва кўп қаватли уйлар қурилишидан хавотирланмоқда. Улар ҳалигача бу бўйича лойиҳа чизмаларини олишмаган.

Халқаро ташкилот шаҳар бош режасини тузишда ЮНЕСКО тавсиялари ҳисобга олинишига умид қилмоқда.

Самарқанд тарихий меъморий ёдгорликлари борасидаги вазият анчадан бери ЮНЕСКО экспертларини хавотирга солади. 2008 йилда ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси қўмитаси Самарқандни сақлаб қолиш бўйича мониторингни кучайтиришни сўраб ЮНЕСКО кенгашига мурожаат қилганди.

Ҳокимият ташаббуси билан янги йўллар ва биноларнинг қурилиши ортида "Самарқанд шаҳри анъанавий тузилишини сақлаб қолувчи муқобил тизимнинг йўқлиги" уларнинг хавотирига сабаб бўлган.

Ҳукумат Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлардаги барча қурилиш ишларини тўхтатишга қарор қилди. Маданий мерос объектлари жойлашган ерларда ноқонуний қурилиш учун жазони кучайтиришни кўзда тутган ҳужжат лойиҳаси парламентга киритилган. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бу борадаги қарор ҳақида Жаҳон маданий мероси қўмитасининг Бокуда ўтган 43-сессиясида айтган.

2 июлда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси қўмитаси Шаҳрисабзни жаҳон меросининг хавф остидаги объектлар рўйхатида қолдирди.