Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 1051 та сайлов участкаси тузилди

Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказининг Самарқанд вилояти бўлимида халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси томонидан брифинг ўтказилди.

Комиссия аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриев вилоятда сайлов кампаниясининг бориши, комиссия томонидан шу пайтгача амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Айни пайтда мамлакатимизда жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказиладиган сайловга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, – деди С.Нуриев. – Бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!” шиори остида ўтиши билан тарихий аҳамият касб этиши, шубҳасиз. Вилоят сайлов комиссияси ҳам мазкур муҳим сиёсий кампанияни юксак савияда, амалдаги қонунчилик талабларига тўла риоя этган ҳолда ўтказиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаган. Ҳозиргача Сайлов кодексининг тегишли моддаларига кўра, вилоятнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, аҳоли сони инобатга олиниб ва бошқа омиллардан келиб чиққан ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузилди. Сайлов округларининг рўйхати, уларнинг тартиб рақами, номи, жойлашиш манзили, ҳудудий чегаралари ва сайловчилар сони кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинди. Шунингдек, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг тавсиясига биноан жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди ва бу ҳақдаги қарор, комиссиялар рўйхати матбуотда чоп этилди.

Аввалги йиллардаги сайловлардан фарқли равишда бу йилги сайловларда комиссия аъзоларини сайлов қонунчилиги бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Самарқанд вилоятида жами 4779 киши мазкур ўқувларда қатнашиб, билим ва кўникмасини оширди.

Сайлов кодекснинг 10-моддасида Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилиши белгилаб қўйилган. Ушбу тартибдан келиб чиқиб, вилоятимиздаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 16 та округ сайлов комиссиялари томонидан 1051 та сайлов участкалари тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 октябрдаги фармойиши билан халқ депутатлари Самарқанд вилояти, туман, шаҳар Кенгашларига сайловлар учун 3 миллиард 398 миллион сўм маблағ ажратилди.

Самарқанд вилоятида жорий йилги сайловларда иштирок этиш учун 2 миллион 312 минг нафар сайловчи рўйхатга олинди. Аҳолининг сайлов борасида ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 11 октябрдаги қарори билан 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача юртимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” эълон қилинди. Вилоятда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни самарали ўтказиш, аҳолининг сайлов борасидаги ҳуқуқий маданиятини юксатириш мақсадида вилоят сайлов комиссияси томонидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Мазкур ойликни самарали ташкил этиш ва ўтказиш учун вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, сайлов комиссиялари аъзоларидан иборат гуруҳлар шакллантирилган.

Брифинг давомида, шунингдек, вилоят сайлов комиссияси томонидан амалга оширилиши белгиланган вазифалар, халқаро матбуот маркази вилоят бўлимининг фаолияти тўғрисида ҳам журналистларга маълумот берилди.

Ғ.ҲАСАНОВ.