Самарқандда антиқа фирибгарлик содир этилди
Саттор Олимов жабрланувчи (исм, фамилиялар шартли). У нимадан жабрланганини билсангиз, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги “тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди”, деган ибора хаёлингиздан ўтиши табиий.
Аслида самарқандлик С.Олимов Тошкент шаҳрида яшовчи таниши Аббосга 5 000 доллар қарзини бериб юбормоқчи бўлган. Яхшигина сармояни ишончли қўлларга топшириш учун ўртоғининг йўловчиларни машинага ўтқазувчи - пасадчиклик қиладиган ўғли Жонибекка қўнғироқ қилади.
Муддаони билган Жонибек у дуч келган такси ҳайдовчиси ишончли эмаслигини айтиб, бошқа такси эгасига рўбару қилади. “Нексия” русумли машина ҳайдовчисига ишонмай “Ласетти”нинг эгасига пулни топширган Саттор ака орадан кўп ўтмай “чув” тушганини билиб олади. Негаки, бир соатлардан сўнг ҳайдовчи унга қўнғироқ қилиб, пулни Жомбойда ўғлига топширганини билдиради.
- Нега, ахир Тошкентга, Аббосга етказинг дегандимку?!
- Ўзингиз телефон қилиб, Жомбойда “мелькомбинат”нинг олдида ўғлим турибди, пулни шунга бер, почта “отмень” дедингизку.
“Каптива”да етиб келган Саттор ака аслида нима бўлганлигини тушунолмай ҳайрон эди. Чиндан ҳам “Ласетти” эгасига ўзининг рақамидан 5-6 марта қўнғироқ қилинган ва гаплашилган.
Бу қандай бўлганлиги ва пул қаерга йўқолганлигини ички ишлар идораси ходимлари аниқлашди. Аниқланишича, отасининг ўртоғи Сатторнинг Тошкентга 5 минг доллар юбораётганини билган Жонибек бу ҳақда ўзининг Даврон ва Анвар исмли танишларига хабар беради.
Ўзаро келишиб олишгач, Даврон телефонини “Боту сип” программаси орқали С.Олимовнинг қўл телефони рақамига мослаштириб, ҳайдовчи Б.Намозовга қўнғироқ қилади. Унга почта бекор бўлганлигини айтиб, пулларни Жомбой туманида кутиб турган ўғлига бериб қўйишини билдиради.
Саттор аканинг ўғли ролини қойиллатиб уддалаган Анварга пулни топширган Б.Намозов билан бу ҳақда яна гаплашиб қўйишни лозим топади. Бироқ...
Жиноятни аниқлаб, уларни топгунча фирибгарлар 5 минг долларни “жиғилдон”ларидан ўтказиб юборишга улгуришади.
Тўғри, дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фирибгарлар ўзганинг ишониб топширган ва ўз мақсалари йўлида сарфлаб юборилган пулларни қайтариб беришди.
Суд жабрланувчининг жиноятчиларга даъвоси йўқлигини инобатга олди. Бироқ энди 21 ёшга кирган Жонибек бундай фирибгарлик учун олдин ҳам жавобгарликка тортилган. Аммо тўғри хулоса чиқармаган Даврон ва Анварга қайта шу ишга қўл ургани учун муносиб жазо тайинланди.
Отабек ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди бош мутахассиси.