ОТМда таҳсил олаётган талаба нега репетиторга боряпти?
Бугун инглиз тили таълим, фан, технология, иш ва дунё билан боғланиш воситасига айланди. Шунинг учун ҳам юртимиздаги олий таълим муассасаларида хорижий тилларга ихтисослашган факультетлар очилмоқда, уларга қабул қилинаётган талабалар сони кўпаймоқда.
Эътиборлиси, чет тиллар факультетида таҳсил олаётган талабалар яна репетитор излаб, қўшимча дарсларга боришга мажбур бўлаётир. Нега? Бунга биринчи сабаб – чет тили таълими дастурлари аксар ҳолларда назарияга асосланган бўлиб, амалиётга кам эътибор қаратиляпти. Дарсларда грамматика, қоидалар ўргатилади. Лекин ҳаётда керак бўладиган гапириш, эшитиш ва мулоқот қилиш салоҳияти етарлича ривожлантирилмайди. Талаба аудиофайл эшитмасдан, реал муаммони ечмасдан, турли ижтимоий ва касбий вазиятларда тилдан фойдаланмасдан таълим оляпти.
Шунинг учун фақат назарияни ўрганган талаба жамият ишига шўнғигач, ўзига ишонмай қўяди, ўзини етарли даражада тайёр эмас, деб ҳис қила бошлайди. Иккинчи жиҳат, айрим ўқитувчиларнинг ўқитишнинг замонавий методикаларидан бехабарлигида. Улар ҳали-ҳануз анъанавий, бир ёқлама маъруза тарзидаги услубларни қўллайди. Коммуникатив ёндашувлар, интерфаол дарслар, технологик платформалардан фойдаланмайди. Ҳолбуки, талабалар бугун YouTube, Duolingo, ChatGPT, Zoom-дарслар орқали тез, қулай ва тушунарли билим олишга ўрганган. Учинчиси, натижавийлик. Репетитор билан ишлаётган талабалар кўп ҳолларда тезроқ сўзлашишни ўрганади, IELTS каби имтиҳонлардан муваффақиятли ўтади.
Чунки репетиторда дарс мазмуни сўровга мос, шахсий етишмовчиликлар устида ишланади, “баҳо учун” эмас, ҳақиқий натижа учун ўқитилади. Олийгоҳда эса талабага билим беришда индивидуал ёндашилмайди, гуруҳдаги даража фарқи туфайли сустлашув кузатилади. Савол туғилади.
Агар талабалар реал тил кўникмасини таълим муассасасидан эмас, репетитордан олаётган бўлса, унда олийгоҳлар нима беряпти? Фақат дипломми? Агар шундай бўлса, Давлат таълим стандарти мақсадларидан йироқлашиб кетмаяпмизми? Албатта, таълим стандартларимиз бераётган натижаларни инкор этиб бўлмайди. Аммо бугунги замон таълим тизими айрим жиҳатларда қайта кўриб чиқишга муҳтож. Жумладан, дарслар ва машғулотларни кўпроқ амалиётга йўналтириш, таълим натижага қаратилиши, ўқитувчи эса маслаҳатчи, йўлбошчига айланиши керак. Шундагина талабалар “қўшимча” билим эмас, керакли билимни тўғридан-тўғри таълим даргоҳида олади. Ноила ОЧИЛОВА, СамДЧТИ катта ўқитувчиси.