Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУ Ургутга “кўчади”(ми?)

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган ғоя асосида ислоҳотларни амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилди. Ёш авлоднинг тарбияси қанча эрта бошланса, унинг натижаси шунчалик самарали бўлади. Шунинг учун тарбияни бола туғилишиданоқ бошлаш лозимлигига эътибор қаратилмоқда. 

Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам таълим сифати ва самарадорлигини ошириш белгиланган. Мазкур қарор ижроси юзасидан 2020 йил 3 декабрда вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, вилоятда халқ таълими тизимида таълим сифати ва самарадорлигини оширишга оид муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари билан умумий ўрта таълим мактаблари ҳамкорлик кучайтириладиган бўлди.

Ушбу фармойиш билан Самарқанд давлат университетига Ургут туманидаги 56 та мактаб бириктирилди. Факультетимиз профессор-ўқитувчилари туманнинг 4-, 5-, 6-умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш бўйича режа-график асосида иш бошлади. Рейтинги энг паст бўлган мактаблардаги муаммолар ўрганилиб, таълим сифатини кўтариш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда. Белгиланган мактабларда ҳар ҳафта амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, тегишли амалий-методик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда. Ўқувчилар билими ва олган баҳоларининг ҳафталик, ойлик мониторинги юритилмоқда.

Мактаб ўқувчиларининг пухта билим олишидан олий ўқув юртлари ҳам манфаатдор. Эртага шу ёшлар университет ва институтлар талабаси бўлиб, эгаллаган соҳасининг мутахассисига айланади. Бугун уларга бошланғич билимларни яхши ўзлаштириб, кейин олий таълимга келишига эришсак, бу аввало ўзимизга фойда.

Ахтам Низомов,

СамДУ “Инсон ресурсларини бошқариш” факультети “Тармоқлар иқтисодиёти” кафедраси мудири, доцент.