Сессияда вилоят ССБ бошлиғи ўринбосари лавозимига нолойиқ деб топилди
Бугун ўтказилган халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн еттинчи сессиясида вилоятда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи муҳокама қилинди.
Ушбу масалада сўзга чиққан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Мўминовнинг ҳисоботи депутатларни қониқтирмади.
Хусусан, у тизим раҳбари сифатида қайси энг оғир ҳудудга бориб аҳволни таҳлил қилгани, зарур амалий ёрдам кўрсатгани тўғрисида аниқ мисол айтиб беролмади. Шунингдек, ҳисобот бўйича аниқ статистик маълумотлар йўқ.
Сессияга етарли даражада тайёргарлик кўрмагани, лавозим мажбуриятларига совуққон муносабати учун С.Мўминовни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш таклифи берилди.
Навбатдаги сессияда вилоятда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисида соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Д.Жуманиёзовнинг ҳисоботини эшитиш белгиланди.