Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Транспорт бошқармаси: Қорасувга қатнаётган автобуслар жадвалида содир бўлаётган узилишларга йўллардаги тирбандликлар сабабчи

Кеча, 1 декабрь куни Zarnews.uz телеграм каналида “27-йўналишдаги автобус нега ўз вақтида қатнамайди?” сарлавҳаси билан Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида яшовчи фуқароларнинг мурожаати эълон қилинди.

Ушбу мурожаат юзасидан кеча ва бугун соат 10:00 гача вилоят транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан кузатув ишлари олиб борилди.

Ўрганишлар натижасига кўра, 1 декабрь куни “Обод маскан” йўналиши бўйича қатновчи 8-, 27-, 30- ва 35-рақамли йўналишларда 30 та автобус, 2 декабрь соат 10:00 ҳолатига ҳам худди шунча автобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатаётгани аниқланди.

Шунга алоҳида эътибор бериш лозимки, деярли ҳар куни эрталаб ва кечки тиғиз вақтларда йўлларда тирбандликларни юзага келтирмоқда. Бу эса автобусларнинг қатъий график асосида қатнашига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолат жамоат транспортларига алоҳида йўлак ташкил қилиш заруратини келтириб чиқаради. Ўз навбатида, автобуслар ҳаракатида аниқликни кафолатлайди.

Ҳозирги вазиятда эса ҳайдовчилардан муайян йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган автобусларга имкон қадар йўл беришларини сўраймиз.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.