Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Уят, ҳаё бизга ёт ҳолат...ми?

– Бизда болаларни ёшлигидан салом беришга ўргатишади. Ёшлар катталарга биринчи бўлиб салом бериши керак. Аммо аксарият ёшлар катталарга салом бермайди. – деб куюнади Амриддин Муҳиддинович галдаги суҳбатимиз ёшлар одоби ҳақида борганда. - Рудакий номли майдон серсоя дарахтлар билан ўралган – ёшлар дам оладиган севимли маскан. Атрофимизда таълим муассасалари кўп бўлгани учун бу жой ҳамиша ёшлар билан гавжум.

Отахон “Нуроний” жамғармаси Самарқанд шаҳар бўлими раиси. Мўжаз қилиб замонавий кўринишда қурилган чиройли бино майдонга туташ бўлгани учун кўпинча бўлимга ташриф буюрадиган қариялар барча шароит яратилган бино ичида эмас, майдонда ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб, гурунглашишни яхши кўришади.

- Ёшлар нега салом беришни унутишган, деган савол билан кексалар бир-бирига мурожаат этишади, - дейди Амриддин ака афсусланиб, гўё бунга ўзи айбдордек. – Баъзан ёнимиздан салом бермай ўтиб кетган ёшларни тўхтатиб, нега салом беришмаганини сўрайман. Қай бири узр сўрайди. Бошқаси бегона кишига ҳам салом бериш керакми, дея эътироз билдиради. Ҳайрон қоламан. Ким бегона? Бегона бўлган тақдирда ҳам, дуч келганда, унга салом бермаслик керакми? Ахир, бу қарияларнинг ёши 70-80 га борган. Саломга фақат алик билан жавоб қайтармайди улар. Барака топ болам, деб дуо қилишади. Рудакий номли майдонга доимий келадиган ёшлар бизни таниб қолишган – дуч келсак салом беришади. Ким салом бермай ўтса, энди уни тўхтатиб, салом бериши лозимлигини  айтиш бизга одат бўлган ва буни барча катталар ўзига одат қилиб олса, яхши бўларди – ёшлар ва, албатта, катталар ҳам кимни учратса салом берадиган бўлади.

Яна бир муроса қилиб бўлмайдиган ҳолат, бу одамлар кўз ўнгида ёшларнинг бир-бирига суйкалиши. Четдан қараганда жуда хунук кўриниш, – дейди Амриддин Муҳиддинович. – Бу, албатта, “оммавий маданият”дан орттирилган иллат. Чунки бизнинг халқда қиз бола йигитнинг ёнида ўтириш эмас, унга узоқдан қарашга ҳам ботинмаган – уят саналган.  Ҳаё, ибо нозик ҳилқат ҳисобланган хотин-қизларимизнинг ўзига хос хислати, фазилати бўлган.  Истироҳат боғларида, дам олиш масканларидаги ўриндиқларда бир-бирининг пинжига кириб кетгудек  бўлиб ўтирган ўсмир йигит-қизларни кўрсам, чидаб туролмайман – бориб, уларга эътирозимни айтаман. Уларга қараган кишининг кайфиятини бузадиган бу хатти-ҳаракати майдонларда, истироҳат боғларида ўйнаб юрган ёш болаларнинг дунёқарашига салбий тасир қилади, бу иллат уларнинг мурғак қалбидаги туғма  уялиш туйғусини сўндиради.

Биз фотиҳаланганмиз, - деди бир куни  кўпчиликнинг кўз ўнгида қизни бағрига босиб турган йигит берган даккимни назар-писанд қилмай, сўнг кўзларини бўзрайтириб, ўдағайлади. – Бориб ўз ишингизни қилинг, чол. Бизга ишингиз бўлмасин.

Чидолмадим, бориб яқин-атрофда юрган икки нафар миллий гвардия ходимига  арз қилдим. Улар йигит ва қизни олиб кетишди. Менимча, одамлар ичида одоб-ахлоқ қоидаларини бузаётганларини уларга тушунтириб қўйишган бўлса, ажабмас.

Юқорида қайд этилган икки масала ҳам миллатимизга хос бўлган миллий урф-одатларимизга қачонлардир ёт бўлган ҳолатлар. Эндичи, энди ёт эмасми? Сиз нима дейсиз?

Хуршид Нуриллаев.