Вазирликлар билан боғлиқ бўлмаган муаммолар ечимида катта маблағ шарт эмас

Бу ҳақда ҳокимлар, сектор раҳбарлари ўйлаб кўришлари керак. Чунки бугун ҳар бир шаҳар ва туман ҳокимига ўз ҳудудини ривожлантириш учун барча имкониятлар берилган.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш мутасаддиларнинг қанчалик креатив фикрлаши, истиқболли режаларига боғлиқ бўлмоқда.

Бу “Зарафшон” газетасида чоп этилган “Мактабда ўқувчилар ҳарбийликка қандай тайёрланяпти?” мақоласида яна бир бор ўз исботини топди. Негаки, мақолада ўқувчиларнинг жисмоний чиниқиши, улар билан ўтилаётган машғулотлар учун моддий-техник база етарли эмаслиги мутахассис ва амалиётчи ўқитувчиларнинг фикрлари билан очиб берилган.

Куюнчак ўқитувчилардан бири ижтимоий тармоқда шундай ёзяпти: “Ассалому алайкум, устоз! Мен мактабимизда тир ва камондан отиш тўгаракларини ташкил қилмоқчи бўлиб, туман халқ таълими бўлимига, туман ҳокимлиги спорт бўлимига учрашдим, аммо натижа йўқ. Қандай маслаҳат берасиз?”.

Табиий савол туғилади: хўш, бу каби муаммолар қандай ҳал этилади? Албатта, маҳаллий бюджет маблағлари асосида. Яъни, мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик масаласи вазирлик ёки ҳукуматнинг қарорини кутадиган иш эмас.

Аслида, ҳукумат томонидан бу борадаги ишлар амалга ошириб бўлинган. Хусусан, мақолада келтирилганидек, 11-синф ўқувчилари олган билимларини мустаҳкамлаши учун уч кунлик ўқув йиғини машғулотларида иштирок этишлари керак. Ташкилий масаладаги муаммо сабаб бу вазифа – Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган топшириқ амалда бажарилмаяпти.

Тўғри, ўқитувчилар малакасини ошириш, уларнинг унвонлари масаласи тегишли вазирликлар томонидан ҳал қилинади. Аммо гимнастика майдони, оддий турник, тўсиқлар ва бошқа инвентарларни ташкил қилиши учун республикадан топшириқ бўлишини кутиш шарт эмас, назаримда.

Бу ишга катта маблағ талаб этилмаслиги кундай равшан. Шу маънода, шаҳар ва туманлардаги секторлар раҳбарлари ўз ҳудудида ҳеч бўлмаса иккитадан мактабда чақирувга қадар тайёргарлик фанидаги амалий машғулотлар учун зарур шароитларни яратиб берса, фақат фойдали бўлади.

Ахир коронавирус балоси сабаб жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш инсон саломатлиги, жамият хавфсизлиги учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигига гувоҳ бўлдик-ку. Шу боис, спортни ривожлантириш, жойларда у билан шуғулланиш учун давлат даражасида эътибор қаратилмадими?!

Ҳурматли ҳокимлар ва сектор раҳбарлари!

Майли мактабга жанговар қуроллар олиб берманг. Аммо мактабда жисмоний тарбия ва ҳаракатли ўйинлар билан шуғулланишлари учун ёшларга имконият ва шароит яратиб беринг.

Мирзо Ихтиёров,

халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссияси раиси.