Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокими ўринбосари талабалар таклифини тинглади

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди.

Унда вилоят иқтисодиёти, жумладан, туризмни ривожлантиришнинг муҳим омиллари ҳақида сўз юритилди.

- Иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим жиҳатларидан бири туризмдир, - деди Ж.Ўроқов. - Бу соҳани эса бизда туризм объектларини кўпайтириш билан бирга ёш мутахассислар, гид-таржимонлар, тажрибали ва малакали мутахассисларни етиштириш орқали ривожлантириш мумкин. Шу билан бирга Самарқандни миллионли шаҳарга айлантириш ва маъмурий биноларни шаҳардан ташқарига чиқариш ҳам муҳим саналади. Афсуски, бугунги кунда гидларнинг тарихни яхши билмаслиги, уларда билим ва малаканинг етарли эмаслиги катта камчилигимиз. Шунинг учун бу борада чуқур билим олиш, тажриба орттириш зарур.

Ж.Ўроқов институтда иқтисодиётни ривожлантириш учун кўплаб илмий ишлар қилинаётгани, аммо уларнинг натижаси сезилмаётганини таъкидлади.

“Агарда илмий кенгашга ҳоким ўринбосарлари аъзо бўлиб киритилса, иқтисодиётни ривожлантириш, туризм тараққиётидаги айрим камчилик ва ғовлар, муаммоли масалалар ҳал этилиши тезлашади”, деди ҳоким ўринбосари.

Учрашувда талабалар Ж.Ўроқовга ўз таклифларини билдирди, саволларига жавоб олди.