Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги ташкил этилган давлат инспекциясига раҳбар ва агентликка директор тайинланди

Бугун, 10 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов ва Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов иштирок этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан Атабеков Нурмат Сатиниязович Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи – Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария инспектори, Алматов Баҳром Ибрагимович Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори – Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи этиб тайинланганлиги билдирилди.

Н.Атабеков бугунги кунгача Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори, Б.Алматов эса Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Маълумот учун, Президентимизнинг жорий йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотилари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди.