Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Йил бошидан буён Самарқандда 405 киши суд қарори билан қамоқдан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ва туман (шаҳар) судлари томонидан 2020 йил бошидан буён Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан 1582 шахсни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш билан боғлиқ ишлар кўриб чиқилиб, мазкур тақдимномаларнинг 1454 таси қаноатлантирилди.

Жумладан,

- 23 шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан;

- 550 шахс озодликни чеклаш жазосини ўташдан;

- 210 шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан;

- 671 шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Бу шахсларнинг 1307 нафарини эркаклар (10 нафари вояга етмаганлар, 453 нафари ёшлар ва 48 нафари 60 ёшдан ошганлар), 147 нафарини аёллар (33 нафари ёшлар ва 10 нафари 60 ёшдан ошганлар) ташкил этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан, 265 шахсга нисбатан жазони енгилроғи билан алмаштириш ҳақидаги тақдимномалар қаноатлантирилиб, енгилроқ жазо турларига алмаштирилган.

Ўтган давр мобайнида 405 нафар шахс қамоқдан озод қилинган бўлиб, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиниши мумкин бўлган 160 дан ортиқ ёшлар ва хотин-қизлар маҳалла ва жамоатчилик кафиллиги асосида қамоқдан озод қилиниб, ўз оилалари бағрига қайтарилди.

Ў.Мамадалиев, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари.