Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлмаганлар ҳам ютуқларга эга бўляпти. Шу гап ростми?

Самарқанд вилоят Ёшлар марказида “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилмоқда. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида уч ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритган 48 нафар китобсевар ёшлар иштирок этмоқда. Кеча 10 ёшдан 14  ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган танловда 16 нафар китобхон ўғил-қиз икки шарт бўйича яна бир бор ўз билимларини синаб кўрди. Якунга кўра 1-ўринни Оқдарё туманидан Гулсанам Абдулакимова эгаллади ва танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Мазкур танлов ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобга меҳрини оширишда муҳим аҳамият касб этаяпти, - дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Танловнинг нуфузи йилдан йилга ортиб бормоқда. Унда иштирок этувчи китобхонларнинг ҳам сафи кенгайиб бормоқда, айниқса, 10-12 ёшли болаларнинг танловга қизиқиши ортиб бораётгани қувонарлидир. Кеча ўтказилган танловда Тойлоқ туманидаги 46-мактабнинг 10 ёшли ўқувчиси Бобохон Фозиловнинг иштироки кўпчиликни ҳайратга солди ва у танловнинг вилоят босқичида энг ёш иштирокчи, дея эътироф этилди.

Бугун эса 15-19 ёшли ўсмирлар ўртасида ташкил этилган танлов ҳам ўзига хос тарзда ўтди. Унда ғолибликни пахтачилик Машҳура Камолова қўлга киритди. Танловнинг ҳар бир иштирокчиси олдига улкан мақсадларни қўйган. Уларнинг кўнглида бир хил фикр – танловда ғолиб бўлмаса ҳам ютуқларга эга бўлиш. Бу ютуқлар маънавий бойликлар - билим, тафаккур, кенг дунёқараш.

Мазкур танловнинг вилоят босқичи эртага 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида давом этади.

Тўлқин Сиддиқов.