Педагогик фаолиятни аниқ “ўлчайдиган” тарози, тарозибон ва тош йўқ

Олий таълим муассасаларига раҳбарлик қилган баъзи раҳбарлар ўзининг профессор-ўқитувчилар меҳнатини нотўғри баҳолаш сиёсати билан таълимга катта зарар етказди. Маълумки, давлат университетларининг ректори лавозимига асосан докторлик илмий даражасига эга бўлган мутахассислар тайинланади. Баъзи ҳолларда шундай бўладики, ректорликка номзод фан доктори талабаларга бир соат ҳам дарс ўтмаган бўлади ёки раҳбарлик курсиси ўтирган вақтида 0,25, 0,5 ставка профессор-ўқитувчи лавозимини эгаллаб номигагина дарс ўтади, холос. Уларнинг баъзилари лавозимидан фойдаланиб қўл остидагиларнинг “елкасига” миниб илмий ишларга шерик бўлишади. Бундай раҳбарлар ОТМ проф-ўқитувчисининг меҳнатини баҳолашда асосий меъёр сифатида илмий иш билан шуғулланишни биринчи ўринга қўяди. Бунинг биринчи сабаби, юқорида айтган нарса, чунки унинг ўзи бу соҳада “биринчи”, иккинчиси, бундай раҳбарларнинг аксарияти педагогик фаолиятни баҳолашни билмайди, билишни хоҳламайди ёки тушунмайди.
Илмий фаолиятнинг натижасини баҳолашнинг қийинчилиги йўқ. Халқаро ва маҳаллий илмий журналларда чоп қилинган мақолалар, тезислар сони, монографиялар ва ҳоказо. Уларнинг баъзилари бир тийинга қиммат бўлса ҳам “кўзга кўриниб” туради “ҳисоблаш” осон. Педагогик фаолиятни аниқ “ўлчайдиган” тарози, тарозибон ва тош йўқ, уни ўлчаш анча мураккаб. Бу санъаткорнинг санъатини баҳолашдай гап. Педагогик фаолиятни баҳолаш ҳам худди шундай.
Физика фани тарихида англиялик буюк олим Поль Андриен Морис Диракнинг алоҳида ўрни бор. У физика бўйича Нобель мукофоти олганда 31 ёшда бўлган.
Физика бўйича Нобель мукофотининг лауреати Абдус Салам Диракни эслаб қуйидагиларни таъкидлаган:
“Поль Андриен Морис Дирак – сўзсиз нафақат ушбу, балки хоҳлаган юз йилликнинг улуғ физикларидан биридир. Ҳал қилувчи 3 йилда, яъни 1925, 1926 ва 1927 йилларда ўзининг учта иши билан у биринчидан, бир бутун ҳолида квант физикасининг, иккинчидан, майдон квант назариясининг ва учинчидан, элементар заррачалар назариясининг асосларини яратди. Бу юз йилликда физиканинг ривожланишига бундай қисқа вақтда Эйнштейнни ҳисобга олмаганда, бошқа бирор инсон Дирак каби ҳал қилувчи таъсир ўтказолгани йўқ”.
Албатта бундай улуғ олимнинг юксак мартабага эришишида кимлар уни ўқитган, унга кимларнинг таъсири катта бўлган деган табиий савол туғилади. Бу саволларга Диракнинг ўзи 1990 йилда “Наука” нашриётида чоп қилинган “Воспоминания о необычайной эпохе” (Ажойиб (ғаройиб, сирли) давр ҳақида эсдаликлар) китобида жавоб беради. Китобда Поль Дирак қуйидагиларни ёзган:
“Бристоль университетининг мухандислик курсини тугатганимдан кейин мен яна 2 йил математикани ўрганиш учун шу ерда қолдим. Бу вақт мобайнида П. Фрейзер менга энг катта таъсир кўрсатди. Фрейзер ҳеч қачон тадқиқот ишлари билан шуғулланмаган ва бирорта илмий мақола ёзмаган математик эди. Лекин у ўз ўқувчиларида математика асосларини ўрганишга чинакам қизиқиш уйғота оладиган тенгсиз ўқитувчи эди.
Фрейзер мени икки нарсага ўргатди. Биринчи навбатда, у мени математиканинг қатъийлигига (ҳеч нимани ташлаб юбормасдан ҳисобга олиш) ўргатди. Олдин мен фақат қатъий бўлмаган мулоҳазаларга таяниб иш кўрардим, чунки фақат амалий натижаларга интиладиган мухандисларни бундай ёндошиш тўласинча қаноатлантирарди. Мухандисларни кетма-кетлик чегарасининг аниқ қийматини топиш, қаторлар қандай йиғилиши ва ҳоказо масалалар қизиқтирмасди. Фрейзер бўлса бизларни бундай масалаларни анализ қилиш баъзида қатъий мантиқий мулоҳазани талаб қилишига ўргатди.
Мен Фрейзердан ўрганган иккинчи нарса, проектив геометрия бўлди. Проектив геометрия менда ўзининг математик назокати билан кучли таассурот қолдирди. Бундан ташқари проектив геометриянинг усуллари катта имкониятлар беради ва ҳоказо”.
Худо берган иқтидор соҳибига бирор нарсани ўратиб унинг келгуси фаолиятига катта таъсир кўрсатиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Кимга ким қандай таъсир кўрсатганини унинг ўзидан бошқа ҳеч ким яхши билмайди ҳам. Диракнинг ёзишича, П.Фрейзер бирорта илмий мақола ёзмаган. Орамизда саводли, ўзининг билими, педагогик фаолияти билан шогирдига катта таъсир кўрсата оладиган бундай камтар ўқитувчилар, репетиторлар ҳам кам эмас. Кўпчилик раҳбарлар кўпинча юксак титулларга эга бўлганларни “кўриб” П.Фрейзерга ўхшаганларни “кўрмайди”, қадрига ҳам етмайди. Жамиятимиздаги бу “кўрлик” нинг ҳам умри тугаётганга ўхшайди. Чунки бундан кейин, бизнинг олий ўқув юртларида ҳам, нормал жамиятлардагидек педагогнинг баҳосини раҳбарият эмас, балки у ўқитган шогирдлар қўядиганга ўхшайди.
Яқингача бизнинг олий таълим тизимимизда фундаментал табиий фанлар бўйича профессорлик унвони асосан докторлик илмий даражасига эга бўлганларга бериларди. Ўзининг чуқур, кенг билими ва юксак педагогик маҳорати билан бу унвонга лойиқ бўлган қанчадан-қанча доцентлар уни кўрмасдан ўтди. Сабаби, уларнинг “айби” илмий даражаси фан номзоди эди холос. Ваҳоланки, Россиянинг ва бошқа илғор мамлакатларнинг олий таълим муассасаларида ҳам фан номзоди бўлган профессорлар кам эмас эди.
Абдулла Қуватов,
СамДУ доценти