Мингтепадаги битта тепалик хитойликлар томонидан сақлаб қолинди

Булунғур туманидаги маҳаллалардан бири Мингтепа деб номланади. Айтишларича, қадимда бу маҳалла ҳудудида жуда кўп катта-кичик тепаликлар бўлган. Шунинг учун маҳаллага шундай ном берилган экан. Ҳозирда тепаликлардан айримларигина сақланиб қолган. Улардан бири яқинда фаолият бошлаган “Хитой Беш Бармоқ қурилиш материаллари”  МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси ҳудудида.

- 2018 йилда Ўзбекистонга келиб шароитни ўргандик, - дейди корхона раҳбари Чен Чонг Жоу. –  Ҳар бир ҳудуднинг тупроғи ўзига хос. Ғишт ишлаб чиқариш учун Мингтепа ҳудуди бежиз танланмаган. Корхонамизга ажратилган ҳудудда қадимий тепаликлардан бири жойлашган экан. Биз ғишт ишлаб чиқаришда бу тарихий тепаликнинг тупроғидан фойдаланмасликка, аксинча уни ободонлаштириб, ишчи-ходимлар ва меҳмонлар учун дам олиш жойига айлантиришга қарор қилдик. Ҳозир бу ерда шу маҳалланинг 80 дан зиёд ёшлари иш билан банд. Корхонага Хитойдан келтирилган энг замонавий ускуналар ўрнатилган.

Булунғур тумани қир-адирлари, тепаликларида ғишт ишлаб чиқариш учун қулай имкониятлар мавжуд.

- Бундан 2-3 йил илгари аниқ режалар, лойиҳалар бўлмаган, - дейди туман ҳокими Баҳодир Баҳромов. - Шунингдек, хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун тажрибамиз ҳам етарли эмас эди. Шунинг учун бир гуруҳ фермер ва тадбиркорлар билан бирга Италия, Россия ва Хитой давлатларига хизмат сафари уюштирдик. Кўргазмаларда иштирок этиб, тажриба орттирдик. Натижада хорижлик тадбиркорларнинг туманимизга қизиқиши ортди. 3 миллион долларлик инвестиция киритиб, Мингтепа ҳудудида жорий йилда иш бошлаган “Хитой Беш Бармоқ қурилиш материаллари” хорижий корхонаси томонидан бир кунда 100 мингта ғишт ишлаб чиқарилмоқда.

Ҳозирда хитойлик ҳамкорлар билан янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСИАНОВ.