Мобиль мухбир хабар қилади: Газ қувури тортилди, асфальт йўлни ким ўз ҳолига келтириб қўяди?

Бундан 10 кунча аввал газчилар Паст Дарғом тумани Балхиён маҳалласи ҳудудидаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган уй-жойларга кириш йўлларини ковлаб, газ қувури ётқизишди. Газ қувурини қаергадир тортиш, бу яхши, аммо йўлни ковлаб, ишни чала ташлаб кетганига нима дейсиз? Буни суратларни кўриб, англаб олиш қийинмас.

Шу кунларда бу ердан ҳаракатланадиган автомашина ҳайдовчилари бу ҳолатдан азоб чекяпти. Ёмони, бундай ҳолатни билмаган автоулов бошқараётганлар бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этиши эҳтимоли ошяпти, машиналарининг таъмирталаб бўлиб қолаётгани алоҳида муаммо, ташвиш.

Наҳотки масъуллар ковланган асфальт йўлни ўз ҳолига келтирмаса. Камига йўл белгисиниям кўздан пана жойга яшириб қўйишган...