1 фоизлик кредит ва 10 йиллик солиқ имтиёзидан тадбиркорлар қандай фойдаланяпти?

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 апрелдаги қарорига кўра, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўн йил мобайнида барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинди. Уларни ташкил этиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни бериш йўлга қўйилди.

Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармасининг маълумотларига кўра, вилоятда 2018-2020 йилларда мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун 135 та субъектга 187 миллиард сўм кредит ажратилган. Жумладан, 97 субъектга 155 миллиард сўм кредит йиллик 1 фоиз, 5 субъектга 5 миллиард сўм кредит йиллик 5 фоиз ставкада ажратилган. Кредитларнинг 86 фоизи энг паст фоиз ставкаларда берилган. Аммо, минг афсуски, мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилганда 10 йил муддатга солиқ имтиёзи берилган, энг паст фоиз ставкаларда кредит ажратилган бўлса-да бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, бизнес-режа кўрсаткичларини бажариб келаётганлар жуда кам. 99 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини таҳлилий ўрганиш жараёнида меъёрий ҳужжатларга зид равишда яширин иқтисодий фаолият олиб борилаётганига, йирик миқдордаги маблағларнинг банкдан ташқари айланиши ва бюджетга келиб тушиши кутилган маблағларнинг тушмаётганига йўл қўйилгани аниқланди.

Масалан, ҳисобварақ айланмаси бизнес-режа бўйича 45 миллиард сўм этиб белгиланган бўлса-да амалда 15 миллиард сўмни, иш ҳақи бизнес-режа бўйича 9,2 миллиард сўм, амалда эса 1 миллиард сўмни, иш ҳақи фондидан ижтимоий суғуртага тўлов ва даромад солиғи бизнес-режада 2,2 миллиард сўм кўрсатилгани ҳолда амалда 267 миллион сўмни, иш ўринлари 1061 тани эмас, 343 тани ташкил этмоқда. Оқибатда бюджетга келиб тушиши кутилган 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар тушмаяпти, 700 дан ортиқ иш ўринлари ташкил этилмаяпти.

Биргина мисол, “X.M.” хусусий таълим муассасасига банк томонидан 2018 йил августда йиллик 1 фоиз ставкада 15 йил муддатга 7,4 миллиард сўм, 2019 йил ноябрда йиллик 24 фоиз ставкада 4 йил муддатга 0,5 миллиард сўм, яъни жами 7,9 миллиард сўм кредит ажратилган. Лойиҳа бизнес-режасига кўра ташкилот ҳисобварағига ўтган давр мобайнида 1,2 миллиард сўм келиб тушиши лозим эди, амалда эса 82 миллион сўм маблағ тушган, холос. Тўланадиган иш ҳақидан даромад солиғи ва жамғариб бориладиган пенсия фондига ўтказилиши лозим бўлган 66 миллион сўмдан бир сўм ҳам ўтказилмаган. Бу эса бизнес-режада белгиланган 30 та янги иш ўрни расман ташкил этилмаган, деган хулосага келишга асос бўлади. Яна ҳам ачинарлиси, кредит бўйича 83 миллион сўм, фоизи бўйича 215 миллион сўм муддати ўтган қарздорлик мавжуд.

Юртнинг эртасини ўйлаб, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол бўлиб ўсиши учун шунча катта имтиёз ва имкониятлар яратилган бўлса-ю бундан бошқа мақсадда фойдаланаётганларнинг виждони қийналмасмикан, болаларнинг ҳақидан қўрқмасмикан? Бундай ҳолатларга тегишли идоралар ҳуқуқий баҳо бермасмикан?