11 ойда "Тез ёрдам"га 6 минг 300 дан зиёд ёлғон чақириқ келиб тушган
Жорий йилнинг 1 январидан 1 декабрига қадар “Тез ёрдам” хизматига мамлакатимиз бўйича жами 6301 та ёлғон чақириқ келиб тушган.
Бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда қарийб 1800 та кам кўрсаткич. Аммо ёлғон чақириқлар ҳақиқий беморлар ҳаётини хавф остига қўйишини инобатга олсак, унинг биттаси ҳам давлат ва халқ учун катта зиён келтиришига шубҳа йўқ.
Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатадики, энг кўп ёлғон чақириқлар келиб тушган ҳудудлар рўйхати бошида 1317 та кўрсаткич билан Тошкент вилояти турибди. Кейинги ўринни Фарғона вилояти эгаллаган – 942 та ёлғон чақириқ.
Шунингдек, “Тез ёрдам”га пойтахтимиздан 894 та, Қашқадарёдан 874 та ҳамда Навоий вилоятидан 842 та ёлғон чақириқ келиб тушган.
Яна бир оғриқли масала: орамизда “иситмам кўтарилмадимикан?”, “қон босимимни ўлчатай-чи”, “уколимни қилдириб олсаммикан?” деган важлар билан ҳам “Тез ёрдам”га мурожаат қилувчилар кўп.
Ёлғон чақириқлар тез тиббий ёрдам ходимларига икки баробар кўп ташвиш келтиради. Яъни қилинган мурожаатнинг ҳақиқатан ҳам ёлғон эканлигини исботлаш зарур. Бунинг учун чақириқда кўрсатилган манзилни аниқлаш, куннинг қайси вақти бўлишидан қатъи назар суриштирув ўтказиш ва шундан сўнг уни ҳужжатлаштириш керак.
Бу эса, табиийки, “Тез ёрдам” хизматига муҳтож беморларнинг кутиб қолиши, ҳатто ҳаёти хавф остида қолишига сабаб бўлиши мумкин.