171,9 миллиард сўм бюджет маблағлари ноқонуний ишлатилгани аниқланди

2025 йилда вилоятимизда бюджет харажатлари 10  триллион 556 миллиард сўмга ижро этилди. Бунда, жумладан, ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари 5 триллион 952 миллиард сўмни, иқтисодиётга харажатлар эса 1 триллион 163 миллиард сўмни ташкил этди.

Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан вилоят прокуратура органлари томонидан доимий прокурор назорати ўрнатилган.

Ана шу назорат тадбирлари давомида ўтган йил вилоятимиздаги бюджет ташкилотлари томонидан 171,9 миллиард сўм бюджет маблағлари қонун талабларига зид равишда сарфланган. Хусусан, 134,3 миллиард сўмлик ноқонуний харажат ва ортиқча тўловлар амалга оширилган, 34,8 миллиард сўм жамғарма маблағлари белгиланган тартибларга риоя этмаган ҳолда ишлатилган. Шунингдек, 2,8 миллиард сўмлик пул маблағлари ва моддий бойликлар камомадига йўл қўйилган.

Бюджет маблағларининг талон-торож қилиниши асосан иш ҳақи ва бошқа тўловларни ҳисоблаш, мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларини амалга ошириш, бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш билан боғлиқ ҳолда содир этилган.

Ноқонуний сарфланган маблағларнинг асосий қисми соғлиқни сақлаш (22  миллиард), ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси (19  миллиард), мактабгача ва мактаб таълими (17,9 миллиард), сув хўжалиги (8,9 миллиард), ичимлик суви ва оқова суви (19,9  миллиард), автомобиль йўллари (3,8 миллиард) ҳамда бошқа соҳалар (80,4  миллиард) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 1680 ўринли умумтаълим мактаби ва спорт зали қурилишида амалда бажарилмаган 662 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари қўшиб ёзилиб, бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Назорат тадбирлари давомида бюджет интизомига риоя қилмаган 51 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ишлар судларга юборилди. Натижада тиббиёт соҳасидан 16 нафар, қурилишдан 11 нафар, сув хўжалигидан 6 нафар, ветеринариядан 5 нафар, мактабгача ва мактаб таълим ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари тизимидан 4 нафардан, маданият соҳасидан 3 нафар, қишлоқ ҳўжалиги ва  автомобил йўллари тармоқларидан 1 нафардан шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида смета ҳужжатларида назарда тутилган 301,5  миллиард сўм бюджет харажатлари меъёрга мувофиқлаштирилди, 120,1  миллиард сўмлик мақсадга номувофиқ ҳамда ортиқча харажатли давлат харидларининг олди олинди.  Талон-торож қилинган маблағларнинг 24,9 миллиард сўми бюджетга қайтарилди.

Ўтказилган назорат тадбирларида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга 9 та тақдимнома киритилди, қонунга зид ҳужжатларга 32 та протест келтирилиб, 63 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 34 та жиноят иши қўзғатилди.

Самарқанд вилояти прокуратураси.