1,9 АҚШ долларидан кам маблағга кун кечираётганлар…

Кичик маблағнинг катта фойдаси

Ўтган йилларда хориж хайрия жамғармалари маҳаллий нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни иш билан банд этиш мақсадида бир лойиҳа устида ишлади. Уларга манзилли ёрдам бериш режалаштирилгани учун ҳар бир туманда тегишли давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда шундай хотин-қизлар аниқланди. Уларнинг рўйхатини тузиб берди, ижтимоий ҳолати, нимадан азият чекканлиги ҳамда молиявий аҳволи, агар имкони бўлса, қўлидан нималар келиши, қайси йўналишда ёрдам олиши мумкинлиги ҳақида тўлиқ рўйхат шакллантирилди. Шундан сўнг ушбу ташкилот вакиллари шу қизларни тўплаб, тажрибали мутахассислар иштирокида уларга қисқа муддатли тренинглар ўта бошлади. Тренингда нафақат оилавий муносабатларда аёлнинг ўрни, балки унинг ўзига нисбатан ишончи ортишига туртки бўлувчи машғулотлар ҳам ўтилди. Шу машғулотлардан сўнг аёлларнинг ҳаётга қарашлари ўзгарди ва энди нималардир қила олиши мумкинлигини ўзлари англай бошладилар. Ана шунда уларга моддий имконият берилди. Кимгадир совуткич ва соғин сигир, кимгадир гилам тўқиши учун хомашё ва ускуна, кимгадир пишириқ тайёрлаб фойда кўриши учун печлар бепул тарқатилди.

Хуллас, ҳар бир аёлнинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда мақсадли ёрдам кўрсатилди ва улар ўзига ишонган ҳолда кичик рўзғорида ўзгаришларни амалга ошира бошлади.

Эҳтимол, шу билан лойиҳа якун топиши мумкин эди. Аммо орадан бироз вақт ўтгач, уларнинг ҳаётида ростдан ҳам ўзгариш содир бўлдими йўқми, буни билиш мақсадида лойиҳа ташаббускорлари кўргазма ташкил қилди. Бу ўзига хос мотивация эди аслида. Кўргазма иштирокчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ўз ҳаётидаги ўзгаришларни маҳсулотларини намойиш этиш орқали кўрсата билдилар. Ҳар бир аёл билан гаплашар экансиз, кейинги олти ой ичида ҳаёти қанчалик ўзгариб кетганлигини дилдан ҳис қилиш мумкин эди. Ваҳоланки бир неча ой аввал бу аёллар зўравонликдан жабр чекаяпман, оилавий можаролардан чарчадим, ҳаётдан тўйдим, деган аёллар эди…

Илк қадамлар

Бу мисол мақоланинг кейинги қисмини ўқигач, асосий мавзуга мос тушмаётгандай туюлар. Аммо хулоса қилишга шошманг. Бугун мамлакатимизда узоқ йиллар давомида айтилмаган фактлар ошкор этилди! Камбағал аҳолининг мавжудлиги ва бунга қарши кураш учун жиддий қадамлар ташланди. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилди. 2020 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни молиялаштириш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Келгусида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Шунингдек, бу борада  кам таъминланган ва ишсиз аҳоли қатламлари, асосан аёллар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касбий таълим бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган. Вазирлик томонидан давлат захираларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ва маҳсулотлар нархи кескин ошишининг олдини олиш бўйича механизмлар назарда тутилган президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади.

1 октябрга қадар янги вазирлик томонидан тўртта муҳим ҳужжат ишлаб чиқилиши белгиланган: «Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача «Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш концепцияси», «Саноатни ривожлантириш стратегияси», «Камбағалликни қисқартириш дастури» ҳамда 2021 йилдан бошлаб барча ҳудудларда истеъмол саватчаси ва тирикчилик учун зарур энг кам миқдорлар жорий қилинишини кўзлаган.

Давлат маблағининг мониторингини ким юритади?

Аллақачон ҳокимлик ва бошқа ташкилотлар  ахборот хизматлари томонидан жойларда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Қайсидир туман камбағал деб ҳисобланган аҳолига ердан текин фойдаланиш ва экин-тикин қилиши учун субсидиялар, баъзиларида кўчат, уруғлик берилмоқда. Чорвачилик қилиши учун қорамол, паррандачиликни ривожлантириш учун жўжа, товуқ тарқатилиши ҳам кузатилмоқда. Иссиқхона ташкил қилинаётгани зўр бериб овоза қилинмоқда. Қайсидир оила бекаларига камбағалликдан чиқиши учун тикув машинкалари ва бошқа воситалар бериляпти.

Табиийки, буларнинг барчаси оилалар учун қўшимча  имконият, даромад воситасидир. Аммо уларнинг таҳлили олиб бориладими? Ёки ҳаммаси тезкорлик, шошма-шошарликда бажарилиб, сарфланаётган маблағ натижа бериш-бермаётганлиги номаълумлигича қолиб кетаверадими? Юқоридаги мисол айнан шунга ишора эди.

Нега биз хориж жамғармаси сарфлаётган маблағнинг ҳар бир тийини устида бош қотирамизу, (тўғрироғи, лойиҳани бажаргач, бош қотиришдан бошқа илож ҳам бўлмайди. Лойиҳада ҳаммаси белгиланган) давлат пул сарфлаётган бундай маблағлар натижасини ўйламаймиз? Кейинги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тарқатилаётган турли кўринишдаги (жўжа, кўчат, қорамол ва ҳ.к) субсидиялар қандай натижа бергани билан ҳеч ким қизиққани йўқ. Баъзида ҳатто  ҳисобот учунгина, аҳоли истамасада, уларга товуқ, жўжатарқатилганига гувоҳ бўлдик. Бу давлат маблағининг самарасиз ишлатилаётганидан дарак бермайдими? Эҳтимол, эндиликда камбағалликка қарши курашиш бўйича тизим яратилгани бу масалада ўзгариш ясайдими? Аммо ҳамон аввалги йиллардаги каби фақат рўйхат билангина ишлар амалга оширилаётгани ҳақиқат. Ишлар тизимли ташкил этилаётган бўлса-да, камбағалликдан чиқишга бу саъй-ҳаракатлар ёрдам берадими-йўқми, ҳамон бу масала очиқлигича қолмоқда. Сабаби, ҳар қандай субсидияни ишлатиш барибир инсон омилига бориб тақалади. Бу эса ҳар бир ҳолатда индивидуал ёндашувни талаб этади. Умуман, мамлакатимизда камбағалликдан чиқишда қайси мезонларга эътибор қаратиш маъқулроқ бўлиши хусусида иқтисодчи мутахассиснинг фикрларидан олдин камбағаллик ўзи нима ва дунё бунга қарши қандай курашмоқда, деган саволларга жавоб олсак.

2018 йилда иш билан банд аҳолининг 8 фоизи 1,9 доллардан кам маблағга кун кечирган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботига кўра, 2000 йилдан бошлаб дунё миқёсида қашшоқлик кўрсаткичлари икки карра камайган бўлса-да, ривожланаётган давлатларда ҳар ўн кишидан биттаси камбағаллик даражасидан паст кўрсаткич билан яшамоқда (халқаро статистикага кўра, бу аҳоли жон бошига бир кун учун 1,9 АҚШ долларини ташкил қилади). Бу борада Шарқий ва Жануби-шарқий Осиёда муваффақиятлар кўзга ташланади, аммо Африка жанубидаги давлатлар аҳолисининг 42 фоизи қашшоқликда умр кечиради.

Қашшоқлик ўзи нима? Қашшоқлик фақатгина аниқ манзил маконда яшаш учун даромад ва ресурсларнинг етишмаслиги эмас. У тўйиб овқатланмаслик, таълим, даволаниш, ижтимоий дискриминация ҳамда турли қарорлар қабул қилинишида иштирок этмаслик кабилар билан белгиланади. Мисол учун, 2015 йилда 736 миллион аҳоли қашшоқлик даражасида кун кечирган. Дунё аҳолисининг 10 фоизи қашшоқликда яшаб, соғлиқни сақлаш, таълим, санитария каби тизимлардан фойдаланиш имконига эга эмас. 25-34 ёшдаги камбағал ҳар 100 нафар эркак кишига шу аҳволдаги 122 нафар аёл тўғри келмоқда. 2030 йилга бориб, 160 миллион бола қашшоқлик даражасида яшаши эҳтимоли жуда катта.

Ўтган ўн йилликлар давомида турли давлатлар камбағалликка барҳам беришда яхши натижаларга эришди.  Хусусан, 2015 йилда дунё бўйича 10 фоиз аҳоли ҳар куни 1.9 доллардан кам маблағга кун кечирган бўлса, 1990 йилда бу кўрсаткич 36 фоизни ташкил қилган, 1981 йилда эса 44 фоиз аҳоли бир кунда шунча маблағ ишлатган. 2013 йилнинг апрелида Жаҳон банки 2030 йилга қадар қашшоқликни 3 фоизга қадар камайтиришни режалаштирган. Қашшоқликка қарши курашишда яхши натижалар кузатилаётган бўлса-да, аммо уни амалга ошириш йўлида ҳар бир давлат олдида ўзига хос қийинчиликлар мавжуд. Жумладан, Африка давлатларидаги ўзига хос мураккабликлар, денгизга чиқишига имкони бўлмаган ривожланаётган давлатлар, кичик орол мамлакатлар, шунингдек, можаролар, нотинчликлар ҳукм сураётган, бу ҳолатдан эндигина чиқиб кетган давлатлар бу масалада турли қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан БМТ  Бош Ассамблеяси камбағаллик билан курашиш бўйича Учинчи ўн йилликка мўлжалланган Резолюцияни (2018-2027 йиллар) қабул қилди. Ушбу Резолюция Иккинчи ўн йилликда (2008-2017 йиллар) эришилган натижалар даражасини сақлаб қолиш ҳамда қашшоқлик билан курашишдаги  ривожланиш ҳамда уни мустаҳкамлаш йўлида самарали ва мувофиқлаштирилган вазифаларни амалга оширишдан иборат.

Камбағалликдан режага кўра тезроқ чиқиб кетаётган давлатлар

Таҳлилларга кўра Хитой ҳамда кутилмаганда Бангладеш давлатлари 2021 йилга бориб БМТ ҳамда Жаҳон банкининг режаларидан қарийб 10 йилга илғорлаб, қашшоқликка бутунлай барҳам бериши кутилмоқда. Шунингдек, Покистонда ҳам бу борада ижобий силжишлар бор экан.

Грузия эса бир неча йил давомида коррупцияга қарши муросасиз курашди ва бу иқтисодий ўсишга олиб келди. 

Хитойда 1978-2017 йиллар давомида 740 миллион аҳоли, яъни 94,4 фоиз қишлоқ аҳолиси камбағалликдан чиқди, дея хабар берган 2018 йилда мамлакат статистика бюроси. Ушбу мамлакатда қишлоқ аҳолисининг ўртача даромади ҳар йили 10,4 фоизга ўсиб борган.  Хитойда қашшоқлик билан курашишда давлат ҳукмронлиги ва доимий равишда статистика йиғиш амалга оширилган. Хитой давлат кенгашида давлатнинг қашшоқликка қарши курашиш бўйича миллий дастурини амалга ошириш учун қўмита ҳам тузилган. Мамлакатда шунингдек, суғурта, инвестиция, ижтимоий кўмак, маълумотлар йиғими, таҳлил ва ҳисобот каби ишларни қамраб олувчи камбағалликка қарши курашиш тизими юзага келди. Давлат миқёсидаги йиғилишлардан бирида Хитой ҳукумати ушбу муаммога қарши курашда интеграция ғоясига эътибор қаратиб, одамларда камбағалликни енгиб чиқиш учун ўзларига нисбатан ишончни шакллантиришга эътибор қаратаётганини таъкидлаган.

Қашшоқликка қарши курашда хитойлик ислоҳотчи ва иқтисодчилар инвестициялар ҳамда янги иш ўринлари ташкил қилишни рағбатлантириш ва саноатни оптималлаштиришни ўз ичига олган иқтисоднинг таркибий қисмларига манзилли ёрдам кўрсатишга таяндилар. 2016 йилда Хитойнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш банки қишлоқ ҳудудларида камбағалликни камайтириш учун беш йилга 460 миллиард доллар маблағ ажратишини айтган. Шунингдек, давлат корпорациялари 1,82 миллиард доллар миқдоридаги инвестиция фондини камбағал ҳудудларда саноат, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун ташкил этди.

Шаҳар ҳудудларида эса қашшоқликни енгиш иш ўринлари ташкил қилиш, аҳолининг ҳар бир қатлами таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидан фойдаланиш имконига эга бўлиши орқали амалга оширилди. 2018 йилда ишсизлик ушбу мамлакатда сўнгги йиллардаги энг паст – 4 фоиз кўрсаткични ташкил қилди. Аммо ҳаммаси фақат статистикада кўрсатилганидай осон кечгани йўқ. Қишлоқ ҳудудларида камбағалликни камайтириш уларни шаҳарга кўчириш билан ҳам боғлиқ. Ўн йил давомида Хитой 250 миллион аҳолини шаҳарга кўчиришни режалаштирган. Бунинг учун йирик инфратузилмага эга лойиҳалар амалга оширилади. 

Бангладеш 2018 йилда кам ривожланаётган давлатлардан ривожланаётган давлатлар сафига қўшилди. 1971 йил Покистондан ажралиб чиққан, доимий равишда сув тошқинларини бошидан кечираётган ушбу мамлакат шу пайтга қадар дунёдаги қашшоқ мамлакатлар сирасига кирганди. Мустақилликни қўлга киритган йиллари Бангладешнинг 82 фоиз аҳолиси камбағал ҳисобланарди. Интернет тармоғига Бангладеш деб қидирувга берсангиз пластик чиқит ичида ўйнаётган ярим-яланғоч болалар, қурилиши тугалланмаган бетон деворлардан иборат уйлар, сув босган қишлоқлар каби киши қалбини ларзага келтирувчи фотосуратлар чиқиб келаверарди.

Аммо кутилмаганда 2000 йилдан бошлаб, айниқса, 2010 йилларга келиб мамлакат олға қадам ташлай бошлади. Иқтисодий ўсиш йилига 6,5 фоизни ташкил қилди, бу Ҳиндистон ва Покистондан кўпроқ кўрсаткич саналади. Қашшоқлик эса 8,5 фоизгача қисқарди. Мамлакат аҳолиси ўсиши ҳам тезлашмоқда, бу кўрсаткич йилига 1,1 фоизни ташкил қилади.

Иқтисодий ўсишнинг сири тикувчилик саноатининг ривожланиши, арзон бозор ҳамда ишчиларнинг ҳуқуқсизлиги билан белгиланади. Бангладеш Покистон таркибида бўлган пайти ҳукумат ишчилар ҳаракатига ва сепаратизмнинг олдини олиш мақсадида барча касаба уюшмаларига босим ўтказиб, уларнинг фаолиятсизлигига сабабчи бўлди. Бундай тартиб кейин ҳам қолиб, тадбиркорларга ишчиларни арзон ишлатиш учун яхши имконият яратади. Аммо иқтисодий ўсиш камбағалликдан чиқиш учун восита бўла олмади. Иқтисод тезлик билан ўсса-да, қашшоқликнинг камайиш темпи секинлашди. Мисол учун 2005 дан 2010 йилга қадар қашшоқлик ҳар йили 1,7 фоиздан тушиб борган бўлса, 2010 йилдан 2016 йилгача бу кўрсаткич 1,2 фоизни ташкил қилган.  Бангладешликларнинг ҳаёт тарзига Ганга ва Брахмапутра дарёларининг тошиши таъсир кўрсатиб, маҳаллий аҳолининг уйи ва экин-тикинига жиддий зарар етказди. Сувга яқин жойлардаги уй-жойлар нисбатан арзон бўлиб, камбағал аҳоли шу ерга жойлашади ва тошқиндан ҳимояланиш учун пул тўламайди. Улар сув тошқинидан ҳимоя қиладиган қурилмалар қурилишида текин ишлашга рози бўлишади.

Фақат ишсизлар эмас, ишлиларни ҳам камбағалликдан чиқариш керак

- Камбағал аҳоли деганда икки тоифани назарда тутиш мумкин, - дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Мурод  МУҲАММЕДОВ. – Биринчи тоифа камбағал аҳоли - бу ўз ҳаётини тузатишни истамайдиган, истаса-да, бунга ҳаракат қилишга дангасалик қиладиганлар.  Иккинчи тоифаси эса маълум сабаблар туфайли шундай ҳолга келиб қолган, ишлашни истайдиган, аммо  баъзи сабаблар билан бунга имкон тополмаган инсонлардир. Бугун шу инсонларга минимал даражада шарт-шароит яратиб, озроқ мадад берилса, улар ўз рўзғорини уддалаб кетиши мумкин. Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилаётгани,  бу ҳақда манзилли дастурлар тузилаётгани оддий халқ тўғрисида ғамхўрликнинг юксак намунаси. Қолаверса, ушбу чоралар фақат бир томонлама эмас, турли соҳаларни қамраб олган ҳолда амалга оширилмоқда.

Аммо менинг назаримда, мамлакатимизда камбағалликка қарши курашнинг энг истиқболли чоралари қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш билан узвий боғлиқ. Модомики, уни ривожлантиришга катта эътибор берилмас экан, аҳолининг камбағалликдан тез чиқиб кетиши жуда қийин. Биринчидан, республикамиз аҳолисининг қарийб ярми, яъни 49 фоизи қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади. Афсуски, улар қишин-ёзин меҳнат қилади, аммо бу меҳнати орқали етарлича даромад ололмайди.  Қишлоқ хўжалигида даромад олиш учун деҳқонга ёрдам жуда муҳим. Лекин мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасига киритилаётган  инвестиция бор-йўғи 3,5 фоизни ташкил этади. Асосий инвестиция саноат корхоналари, шунингдек, иқтисодиётнингбошқа соҳаларига йўналтирилади. Натижада деҳқончилик қилиш учун кучли рағбат, меҳнатга муносиб даромад олиш имконини берувчи унумли иш ўринлари мавжуд эмас. Тўғри, бу йил камбағалликни қисқартириш мақсадида жойларда аҳолига деҳқончилик билан шуғулланиши учун субсидиялар ва бошқа имтиёзлар берилмоқда. Аммо бу қишлоқ аҳолисини камбағалликдан чиқариш учун етарли чора эмас.

Фермер хўжаликлари  учун давлат буюртмасининг бекор қилинаётгани, кластер тизимига ўтилганини жуда катта ўзгариш сифатида баҳолаш мумкин. Японияда қишлоқ хўжалигидан олинган даромад мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшилган ҳисса 51 миллиард АҚШдолларини ташкил қилади, Норвегияда эса бу кўрсаткич 106 миллиард доллар. Тўғри, бу ривожланган давлатлар кўрсаткичи. Аммо мамлакатимиз ҳам қишлоқ хўжалиги ривожига жадалроқ янгиликлар киритмас экан, тармоққа йўналтирилган инвестицион ресурсларни кўпайтирмас экан, бу масалада сезиларли даражада силжиш ҳам бўлмайди, натижада аҳолини камбағалликдан чиқариш ҳолати ҳам шундай ҳолда қолади.

Камбағалликни қисқартиришда фақат ишсиз аҳолини назарда тутиш тўғри эмас. Мамлакатимизда ишлаётган бўлса-да, аммо маоши рўзғорини тебратишга етмайдиган оилалар ҳам жуда кўп. Бу иш берувчиларнинг, хусусан тадбиркорларнинг кам ойлик бериб, кўпроқ фойда оламан, деган тамойилидан келиб чиқади. Ваҳоланки, совет тизимидан сарқит бўлиб қолган бу нотўғри сиёсат ишлаб чиқаришни ўстиришга ҳам, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам, ялпи даромадни кўпайтиришга ҳам, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг сифатига ҳам катта салбий таъсир кўрсатади. Тадбиркорларимиз кам маош бериш орқали биринчидан,  иш сифатини кўтаролмайди, иккинчидан маҳсулотининг (хизмат кўрсатиш тури, савдо ва бошқа) харидоргирлигини оширолмайди. Демакки, тадбиркорнинг даромади бир қараганда ишчиларга кам ойлик-маош тўлаш ҳисобидан кўпаяётгандай кўринса-да, аммо узоқ йил фаолият юритиб, ўз ишини юксалтираман,  деган тадбиркор агар шу усулда ишлашни давом эттирса, йилдан-йилга касодга учрай бошлайди. Мамлакатимизда янгидан яратилган даромаднинг таркибида ёлланма ишчиларнинг улуши жуда паст, бу умумий даромаднинг 27-30 фоизини ташкил қилади. Фақат республикамизнинг Тошкент ҳамда Навоий вилоятларида бу кўрсаткич анча баланд, яъни у 45 фоиз. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 60 фоиз атрофида. Шунинг учун камбағалликни қисқартиришда бугун номига иш билан таъминланган,  аслида жуда кам маош эвазига кун кўраётган аҳолини ҳам эътиборга олиш муҳим аҳамиятга эга.

Кейинги пайтда сектор раҳбарлари бўлган прокурорлар, ички ишлар идоралари раҳбарлари, банк мутасаддилари аҳолига камбағалликдан чиқишда ёрдам, маслаҳат берди, деган маълумотлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Сектор раҳбари ишни ташкиллаштириб бериши мумкиндир, камбағалликни қисқартиришда аҳолига молиявий кўмак бериши  бир томондан қувонарлидир. Аммо иккинчи томондан бу манзилли ёрдам эмас, балки, кўпроқ хайрия ёрдами сифатида қабул қилинади. Шу сабабли бу борада олиб борилаётган ишлар тизимли эканлиги шубҳа туғдиради.

Хуллас, эндигина тан олинган муаммо билан курашиш бошланди. Уни тизимли, аниқ ва шаффоф ташкил этиш,  статистик рақамлар, натижани ҳисоблаб таҳлил қилиб борилишидан умидвормиз.

Гулруҳ МЎМИНОВА,

«Зарафшон» мухбири.