2 миллиард сўмлик дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Жорий йилнинг 28 октябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи 37 ёшли С.Х. ҳамда 34 ёшли А.Ў. бошқарувидаги "Lacetti" Намангандан Тошкент томон ҳаракатланади. Ҳаракат давомида автотранспорт воситалари «Чинор» ЙПХ масканида холислар иштирокида кўздан кечирилади. Кўздан кечириш вақтида автотранспорт воситаларининг юкхона ва салонида бирламчи тахминий нархи 2 миллиард сўмга тенг бўлган бир неча турдаги дори воситалари ҳеч қандай ҳужжатсиз Тошкент шаҳрига олиб кетилаётганлиги аниқланган ва расмийлаштирилиб олинган.

Қўлга олинган шахслар билан олиб борилган суриштирув давомида улар ушбу дори-воситаларини таниши – Наманган шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган С.А. Тошкент шаҳрига олиб бориб бериш учун буюртма сифатида олганликлари аниқланган.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан вилоят ИИББ ЖҚБ гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.