2021 йилда Самарқанднинг 15 та туман ва шаҳарида 116 та кўп қаватли уй қурилади
2020 йилда вилоятда “Қишлоқ қурилиш инвест” томонидан 474 та, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” томонидан 240 та, янги тартиб асосида 1700 та, жами 2414 та уй-жой қурилди.
Бу ҳақда вилоят бош архитектори Ҳаёт Мирзаев вилоятда қурилиш ва ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги брифингда маълум қилди.
Қайд этилишича, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси мчж вилоят филиали томонидан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун 232 та, меҳнат мигрантлари учун 61 та, алоҳида намуна кўрсатган ёш оилалар учун 35 та, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар учун 56 та уй қурилган. Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари учун 45 та, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари учун 15 та ва ички ишлар органлари ходимлари учун 30 та уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилган.
Жорий йилда эса давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги "Янги Ўзбекистон" массивида барпо этилган уйлар намунаси асосида янги тартибга асосан вилоятимизнинг 15 та туман ва шаҳарларида 1 подъездли 5 қаватли жами 116 та 2 320 хонадондан иборат уй-жойлар қуриш режалаштирилган.
Келгусида мазкур танланган массивларни комплекс ривожлантириб, уларда ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектлари ҳамда йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга бўлган йирик турар-жой массивларига айлантириш орқали урбанизация жараёнларини амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда массивларни кенгайтириш бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилди.
Бунга кўра, 9 та тумандаги массивлар бош режасида 20 тадан кам бўлмаган (Паст Дарғом тумани Фурқат маҳалласида 27 та, Жомбой тумани Узуновул маҳалласида 46 та, Иштихон тумани Кўтарма маҳалласида 94 та, Булунғур тумани Ғўбдин маҳалласида 173 та, Нуробод тумани Наврўз маҳалласида 60 та, Қўшработ тумани Булоқбоши маҳалласида 51 та, Пайариқ тумани Гўзал маҳалласида 96 та, Самарқанд тумани Гулобод маҳалласида 28 та ва Ургут тумани Мерганча маҳалласида 57 та) уйларни жойлаштириш режалаштирилди.
Шунингдек, “Agromir building” масъулияти чекланган жамияти томонидан 14 та 1652 хонадонли 12,16 ва 25 қаватли уйлар қурилиши бошланган.