Адлия бошқармаси: Нурободда фермер ери сохта ариза билан ҳокимлик захирасига қайтарилган
Вилоят адлия бошқармаси хабарига кўра, Нурободда фермер хўжалиги номидан сохта ариза ёзилиб, унга тегишли ер туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтарилган. Туман адлия бўлимига келиб тушган мурожаат асосида мазкур ҳолат ўрганиб чиқилган.
Аниқланишича, туманнинг “Олтинсой” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.И.нинг фермер хўжалигига ажратилган ер майдони олиб қўйилишига сохта ариза асос бўлиб хизмат қилган.
Ҳужжатларга кўра, Нуробод тумани ҳокимининг 2016 йил 14 майдаги қарори билан Нуробод тумани “Амир Темур” массивидан “Nurobod chavandoz tulporlari” фермер хўжалигига 49 йил муддатга дастлаб 90 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, туман ҳокимининг 2016 йил 2 ноябрдаги ва 2018 йил 29 августдаги қарорлари билан 65 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариб олинган ва фермер хўжалигининг фойдаланишида 25 гектар ер майдони қолдирилган.
Шундан сўнг ҳокимнинг 2019 йил 7 августдаги 2202-Қ-сонли қарори билан мазкур фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилиниб, унга ижарага берилган қолган ер майдони ҳам туман ҳокимлиги захира ери ҳисобига қайтарилган. Вилоят адлия бошқармасига кўра, бунинг ортида жиноят излари бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Нуробод тумани судининг 2022 йил 12 майдаги ҳукмига кўра, фуқаро А.Қ. томонидан мазкур фермер хўжалигига узоқ муддатга ижарага берилган ер майдонини туман ҳокимлигининг захира ерлари ҳисобига қайтариш тўғрисида фермер хўжалиги раиси М.И. номидан берилган ариза сохталаштирганлиги тасдиғини топди. А.Қ. бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 228-моддаси иккинчи қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Нуробод тумани адлия бўлими томонидан фермер М.И.нинг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритилиб, Самарқанд туманлараро маъмурий судининг қарори билан унга 25 гектар ер майдони олиб берилган.