Аэропорт: Йўловчилар орасида ПЗР-тестини қалбаки маълумотнома асосида олганлар ҳам бор
Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан юртимизга кириб келаётган барча шахслар ҳаво ёки темир йўл қатновида рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига ПЗР-тестини топшириши ҳамда манфий таҳлил натижасига эга бўлиши керак. Бироқ амалиёт республикамиз ҳудудига қалбаки маълумотномалар билан киришга уринаётган фуқаролар ҳам борлигини кўрсатмоқда.
Хўш, бу ҳолатда қандай йўл тутилади? Умуман, бугун юртимизнинг ҳаво дарвозалари орқали кириб келаётган йўловчиларни коронавирусга текшириш тартиби қандай?
Аэропорт қошидаги санитария-карантин бўлими мудири Шоди Нарзиев билан бўлган суҳбатимизда шу ва бошқа муҳим саволларга жавоб берилди.
- Ижтимоий тармоқларда хорижий давлатларда коронавируснинг янги, янада юқумлироқ штамплари пайдо бўлганлиги ҳақида жар солинмоқда. Бу вируслар юртимизга кириб келишининг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилган?
- Саволга Самарқанд халқаро аэропортида эпидемияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мисолида жавоб беришга ҳаракат қиламан. Айни кунда бўлимимизга 2 нафар эпидемиолог шифокор ва 9 нафар ёрдамчи эпидемиологлар жалб қилинган. Аэровокзалда йўловчиларнинг тана ҳароратини масофадан ўлчовчи махсус ускуна, белгиланган жойларда санитария-гигиена воситалари жойлаштирилган. Бу ерда йўловчиларни коронавирусга текшириш ишлари бир неча навбатга бўлинган ҳолда ҳар куни, 24 соат давомида олиб борилади. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Самарқандга келган ёки бошқа манзилга учиб кетаётган йўловчиларнинг бирортаси эътибордан четда қолмайди. Айтайлик, ҳаво қўналғасига хорижий давлатдан навбатдаги махсус (чартер) қатнов амалга оширилди. Самолёт белгиланган жойга келиб тўхтагач, унга биринчи бўлиб навбатчи эпидемиолог шифокор кўтарилади. Самолёт кузатувчиси шифокорга йўловчиларнинг саломатлиги ҳақида ахборот беради. Агар парвоз вақтида бирор йўловчининг тоби қочган ёки тана ҳарорати кўтарилган бўлса, у зудлик билан яккаланади. Аэропортнинг тиббиёт бўлими шифокорлари йўловчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, саломатлигининг ёмонлашиши сабабларини ўрганади. Беморда коронавирус аломатлари сезилса, бу ҳақда зудлик билан вилоят юқумли касалликлар шифохонасига хабар берилади. Бунда йўловчида манфий кўрсатгичли ПЗР-тести маълумотномаси бор бўлса-да, у инобатга олинмайди. Албатта, маҳаллий авиақатновлардан фойдаланаётган йўловчилардан бундай маълумотнома талаб қилинмайди. Бироқ уларнинг ҳам саломатлиги белгиланган тартибда назорат қилиб борилади.
- Хорижий давлатларда ПЗР-тести таҳлили билан асосан хусусий лабораториялар шуғулланмоқда. Уларнинг орасида нохолислари ҳам бўлиши мумкин-ку. Қолаверса, хорижда бўлиб қайтган баъзи фуқароларимиз у ерда қалбаки маълумотнома тайёрлаб берувчи “ҳожатбарор”лар ҳам борлигини айтишмоқда.
- Жаҳондаги эпидемиологик вазият қисман барқарорлашиб, айрим давлатлар ўртасида авиақатновлар тиклана бошлагач, халқаро аэропортларда йўловчиларга ПЗР-тестининг манфий таҳлил натижасига эга бўлиш шарти билан хизмат кўрсатила бошланди. Албатта, бу айрим “уддабуронлар” учун жуда қўл келди. Хусусан, юртимизга Самарқанд халқаро аэропорти орқали кирмоқчи бўлаётган йўловчилар орасида ҳам қалбаки маълумотнома билан келганлар учраб турибди. Яқингача Республика махсус комиссияси томонидан халқаро аэропортлар орқали республикамизга кириб келаётган барча йўловчилар, уларда ПЗР-тести маълумотномаси бўлишидан қатъий назар ўз ҳисобидан коронавирусга экспресс-тест топшириши тартиби белгиланишига сабаб ҳам шу эди. Бироқ жорий йилнинг 15 мартидан бу тартиб бекор қилинди. Сабаби, энди мамлакатимизга кирмоқчи бўлган йўловчиларга фақат расмий фаолият юритаётган, ишончли лабораторияларда ПЗР-тестини топшириш шарти қўйилди. Бошқа, шубҳали лабораториялардан олинган маълумотномалар эса ҳақиқий эмас, деб топилади ва бундай маълумотномага эга йўловчилар учиш амалга ошириладиган аэропортнинг ўзида самолётга қўйилмаслиги керак.
- Демак, айни кунда Самарқанд халқаро аэропорти орқали юртимизга кирмоқчи бўлаётган йўловчилар орасида қалбаки маълумотномалилари йўқ?
- Афсуски, бундай дея олмайман. Кўрилаётган барча чоралар, огоҳлантиришларга қарамай ПЗР-тестининг қалбаки ёки муддати ўтган маълумотномаси билан келаётган йўловчилар ҳамон учрамоқда. Жорий йилнинг ўтган вақтида бу 37 нафар йўловчида кузатилди. Ажабланарлиси, уларнинг орасида умуман ПЗР-тестини топширмаган, лаборатория маълумотномасини олмаганлари ҳам бор. Бундан хулоса шуки, биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотмаслигимиз керак. Масъулиятсизлик қилсак, бир парча қоғозга ишониб ҳаракат қилсак, COVID-19 ни ҳеч қачон енга олмаймиз.
- Қалбаки маълумотномалар қандай аниқланади? Ҳар бир ҳужжатни синчиклаб текшириш, суруштирув олиб бориш йўловчиларнинг аэровокзалда узоқ ушланиб қолишига сабаб бўлмайдими?
- Бўлимимиз ходимлари хорижий давлатлардаги ишончли ҳисобланган лабораториялар рўйхати билан таништирилган. Қолаверса, ҳақиқий маълумотномаларда уни тақдим қилган лабораторияларнинг юридик номи, манзили ва QR-коди бўлиши керак. Қалбакиларида эса бунинг акси, лаборатория ҳақида деярли маълумот топмайсиз. Шуниндек, бу маълумотномалар рус ёки инглиз тилида ёзилган бўлиши шарт. Агар ҳужжатнинг ҳақиқийлигига гумон қилсак, йўловчи билан алоҳида суҳбат қилиб, тестни қаерда, қандай тартибда топширганлигини сўраймиз. Кўп ҳолларда шу тадбирнинг ўзи қоидани четлаб ўтмоқчи бўлган йўловчининг ўз айбига иқрор бўлиши учун етади. Баҳсли ҳолатларда маълумотномалар қўшимча текширувдан ўтказилади.
- Қалбаки, муддати ўтган маълумотнома ёки умуман, маълумотномасиз келган йўловчиларнинг тақдири нима бўлади?
- Белгиланган тартибга кўра, ҳар бир йўловчи парвоз вақтида мамлакатимизга кириб келганидан сўнг 14 кунлик уй карантинида бўлиш ҳақида мажбуриятнома ёзади. Унда йўловчининг карантинни ўтказиш манзили, телефон рақами, паспорт ва бошқа зарур маълумотлари акс этиши керак. Шу билан бирга, улар карантин талабларини бузганлик учун қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида ҳам огоҳлантирилади. Маълумотномаси қалбаки ёки умуман бунақа ҳужжати йўқ йўловчилар масаласига келсак, улар қўшимча равишда аэровокзалда ўз ҳисобидан ПЗР-тестини топширади. Мазкур тест Самарқанд шаҳридаги санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги марказининг вирусология лабораториясида таҳлил қилинади. Жараён маълум муддатни талаб қилиши сабабли, агар тест топширган фуқарода коронавирус аломатлари бўлмаса, у тилхат асосида яшаш манзилида 14 кунлик уй карантинида бўлиш шарти билан аэровокзалдан чиқарилади. Шунингдек, ҳар бир авиақатновдаги йўловчилар ҳақидаги маълумотлар вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси қошида ташкил этилган авиагуруҳга юборилади. Гуруҳ бу маълумотларни ўрганиб, фуқаролар яшаш манзилидаги масъул идораларга етказади. Шундай тартибда ҳар бир йўловчининг карантин қоидаларига амал қилиши назоратга олинади.
“Самарқанд халқаро аэропорти” МЧЖ ахборот хизмати.