Африка ва Яқин Шарқдаги ўндан ортиқ давлатлар оммавий очарчилик ёқасида

Бу ҳақда “Bloomberg” газетаси БМТ маълумотларига асосланиб маълум қилди.

Можаролар, иқтисодий инқирозлар, об-ҳаво аномалияси ва коронавирус пандемияси юз минглаб одамларни озиқ-овқат маҳсулотларидан бебаҳра қилмоқда. Дунёда беқарорлик ортиб, 16 мамлакатга очлик муаммоси билан таҳдид солмоқда, деб ёзади газета.

БМТ экспертлари Буркина-Фасо, Нигериянинг шимолий-шарқий қисми, Жанубий Судан ва Яманни очарчилик муаммосининг "қайноқ нуқталари", деб белгилашди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ва об-ҳаво шароити вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келмоқда, дея таъкидлашмоқда ташкилот мутахассислари.

Аввалроқ коронавирус пандемияси сабабли улкан масштабда - кўп мамлакатларда очарчилик бўлиши башорат қилинган эди. Ушбу прогнозни Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури (ВПП) раҳбари Девид Бисли берди. Унга кўра, пандемия оқибатларини юмшатишга глобал гуманитар тадбирларни амалга ошириш учун ташкилотга яқин олти ой ичида деярли 5 миллиард доллар зарур.

Сентябрь ойида Девид Бисли миллиардерлар ва нуфузли ташкилотларни дунё бўйлаб очликдан ўлиш хавфи остида бўлган 30 миллион одамни қутқаришда ёрдам беришга чақирди.