Амриддин шоирликдан қандай воз кечган эди?
Амриддин Бердимуродов истеъдодли тарихчи олим, археолог, таниқли зиёли.
Бир суҳбатда бу дўстим қуйидаги қизиқ воқеани айтиб берди:
- Мен ҳам ўспирин ва ёшлигимдан шеъриятга ҳавас қўйганман, туман газетаси ва ўша замондаги ўқувчилар нашрларига шеърлар юборганман, айримлари чоп этилган.
СамДУ тарих факультетини битириб, археология илмий-тадқиқот институтида ишлаб юрганимда вақтим борлиги ва адабий муҳитга яқин бўлганлигим боис назм билан жиддий шуғуллана бошладим. Айрим ҳамкасбларим ва ижодкорлар машқларимни эътироф этгани боисми, билмадим, қўлёзмаларимни папкага жамлаб, Тошкентга - Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Ориповга кўрсатишга жазм этдим.
Жума, шанба кунлари ишдан сўраб икки-уч марта бориб, топа олмадим. Лекин айрим "меҳрибон" акаларимиз "Сиз машқларингизни нашрларга олиб боринг, каттароқ шоирларга кўрсатинг, сиздан катта шоир чиқади ", деганидан кейин яна уюшмага қатнайдиган бўлдим. Шундай кунларнинг бирида уюшма қабулхонасида қоши қалин, мўйлабли бир киши мендан сўради:
- Ука, анчадан буён шу ерда кўраман, Абдулла акага бирор ишингиз борми?
- Ҳа, шеърларимни кўрсатмоқчийдим…
- Машқларимни денг. Катта шоир олдига келганда одатда шунақа дейилади, - жилмайди у киши. - Ҳа, майли, қарор қилибсизми, кўрсатинг.
Ҳалиги одам қўлимдаги папкани олиб, бир-иккита шеърни кўргандек бўлди-ю, жилмайгансираб чиқиб кетди.
Келаси ҳафта ҳам уюшмага бордим. Шунақа бир орзу ва кайфият қанотидаманки, гўё агар шеърларимни катта шоиримиз кўрса ва дуо қилса, эртасига элга танилиб кетаман. Абдулла ака қайсидир вилоятда тадбирда экан. Тасодифни қаранг, ҳалиги одам яна қабулхонага кириб келди. Мени кўргач, ўзини таништирди.
- Мен Шукур Қурбон деган шоирман. Бу юришингизда Самарқанддан ҳар куни қатнасангиз ҳам раисимизга дуч келишингиз муаммо. Юринг, яхшиси бизникига бориб, шеърият юзасидан мулоқот қиламиз.
Юрагимга илиқлик югурди. Бу имзодаги шеърларни ҳам ўқиганим, ҳайратга тушганим учун Шукур аканинг ортидан эргашдим. Эски шаҳарнинг тор кўчасидаги харобгина уйда ижарада турар экан. Иккаламиз дўкондан у-бу нарса олиб, егулик тайёрладик. Яширмайман, баданни озгина "қизитиб" ҳам олдик. Кейин шеърларимни ўқиб, ўзаро фикрлашдик. Ҳар битта шеър таҳлили тугагач, бу назм билимдони хулосаларидан сўнг попугим пасайганини сеза бошладим. Негаки, мен филология эмас, тарих факультетида ўқийман, адабиёт фанидан чуқур билимга эга эмасман. Лекин бу суҳбатни унутмайман, чунки у менга жуда фойдали бўлди.
- Амриддин, билимингиз, айтадиган фикрингиз менга ёқди. Ўзига хос ташбеҳлар ҳам йўқ эмас. Аммо Ёзувчилар уюшмаси раисига машқларингизни кўрсатганингиз билан ёки у кишининг битта дуоси билан шоир бўлиб қолмайсиз. Шоирлик ўргатиб ёки бошқариб бўладиган иш эмас. Ҳатто ул-бул нарсаси матбуотда умуман босилмаган кучли шоирлар ҳам бор. Шеър ёзишни ўргатиб бўлмайди. Шунинг учун бу орада ҳомий ёки устоз излаб юрманг, - деди хайрлашаётиб Шукур ака.
Меҳмонхонага келиб, шеърларимни яна бир ўқиб чиқдим, Шукур ака айтган эътирозларни тузатгандай бўлдим, барибир кўнгил тўлмади. Аммо ўша кеча қатъий қарор қилдим: шоирлик менинг ишим эмас!
Эрталаб барвақт автобекатга бориб, биринчи автобус билан Самарқандга жўнаб юбордим.
Айтгандай, шеърларимни ҳалиям ўша папкада сақлайман, улар менинг туйғуларим фарзандлари.
Ҳа, у қатъият топа олди, ўзининг қайси соҳада элга кўпроқ фойда келтиришини англади, шуҳратпарастликдан воз кечди. Амриддин Бердимуродовнинг бу ҳолатини ёзар эканман, ҳозир ҳам ижодда шундай мардлар топилармикан, деган андишага бораман. Иккита шеърини ашула қилдириб шуҳрат, 500 нусхадан иккита китоб чиқариб уюшма аъзолигини, танлов ғолиблигини талаб қилаётганларга, китобига катта адиблардан "сўзбоши" олишга интилаётганларга айтгим келади: ҳой биродарлар, ҳамкасблар, ҳозир ҳам Самарқанднинг бир бурчагида хокисоргина ижод қилаётган таниқли олимга учрашиб, бир зиёрат қилинглар, нима учун шеър ёзмаётганлигини бир сўранглар, шеър ёзиш бошқа, уни элга овоза қилиш бошқа нарса, дегим келади.
Фармон ТОШЕВ.