Apple компанияси ўз қурилмаларида Қрим ҳақидаги хатони тузатди

Apple компанияси ўзининг қурилмаларидаги карталарда Қрим яриморолининг статусини тузатди. Бу ҳақда Давлат Думасидаги ахборот сиёсати комитети раҳбари Леонид Левин ОАВга хабар берган.
Унинг сўзларига кўра, Apple нинг турли қурилмаларида Қрим аллақачон Россия ҳудуди сифатида кўрсатилмоқда. Аммо, яқингача Apple нинг об-ҳаво маълумотларини берувчи бўлимида Қрим яриморолидаги шаҳарлар Украина шаҳарлари сифатида кўрсатилиб келинган.
Яқинда бу ҳақда Apple га эътироздан иборат мурожаат қилинди. Шундан сўнг компания Қримдаги шаҳарларни Россия шаҳарлари сифатида кўрсатадиган бўлди.
"Қримдаги шаҳарлар Россия шаҳарлари ҳисобланади ва халқаро хариталарда улар Россия шаҳарлари сифатида кўрсатилиши лозим. Apple яқинда ўз хатосини тузатди ва энди Қрим шаҳарлари ҳам Россия шаҳарлари сифатида кўрсатиляпти", деди Левин.
Эслатиб ўтамиз, жаҳонга машҳур қидирув тизими бўлган Google корпорацияси 2019 йил, 12 март санасидан бошлаб ўз хариталарида Қримни Россия ҳудуди деб кўрсата бошлаганди.