АҚШ коронавирус учун Хитойга ҳисоб тақдим этиш ниятида

Коронавирус тарқалиб кетгани сабабли АҚШ Хитойга молиявий эътироз билдиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Дональд Трамп Оқ уйда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Мазкур маълумот журналистлардан бири Трампга “АҚШ ҳам коронавирус хуружи сабабли Хитойга 130 миллиард доллар ҳисоб тақдим этган Германия каби йўл тутадими”, деб берган саволидан кейин маълум қилинди.

“Бизда бунга эришишнинг осонроқ йўли бор”, деди Трамп. Оқ уй раҳбари айни вақтда Германия ва АҚШ шу масалани ўрганаётганини таъкидлади. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ шароитида гап катта маблағ ҳақида бормоқда. Бироқ Президент маблағ қийматини маълум қилмади.

Шунингдек, у Хитой ўз вақтида коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича зарурий чора-тадбирлар кўрмаганлигини ва бунинг оқибатида бутун дунё жабр кўраётганини яна бир бор таъкидлади.