Атроф-муҳитга етказилган зарар бўйича жамоатчилик вакилларининг иштирок этиш имкониятлари ортади

Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳуқуқлар ҳимояси янги қонуний асосга эга бўлди. Олий Мажлис Сенати ушбу соҳада жамоатчиликнинг одил судловга мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланган қонунни маъқуллади.
Сенатнинг кеча, 22 февраль куни давом этган тўртинчи ялпи мажлисида “Атроф-муҳит билан боғлиқ масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имкониятини, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги конвенцияга (Орхус, 1998 йил, 25 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди. Қонун 2024 йил 11 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган.
Ушбу ҳужжат 1998 йил 25 июнь куни Даниянинг Орхус шаҳрида Европа Иқтисодий Комиссиясига аъзо мамлакатлар томонидан имзоланган халқаро конвенция ҳисобланади. Конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, экологияга оид ахборотдан эркин фойдаланиш, атроф-муҳитга таъсир этувчи қарорларни қабул қилишда жамоатчилик иштирокини таъминлаш, шунингдек, экологик масалалар бўйича судлов тизимига мурожаат этиш имкониятини кучайтириш каби муҳим тамойилларни ўз ичига олади.
Тўртинчи ялпи мажлисда халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлари ҳам видеоконференцалоқа орқали иштирок этиб, қонун лойиҳаси юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Қизғин муҳокамалардан сўнг, сенаторлар қонунни маъқуллади.
Орхус конвенциясига қўшилиш Ўзбекистонда экологик сиёсатни халқаро стандартларга мувофиқ равишда ривожлантиришга хизмат қилади, жамоатчиликнинг экологик масалалар бўйича фаол иштирокини рағбатлантиради ва атроф-муҳитга етказилаётган зарарлар учун жавобгарликни кучайтиради.
Мавлон Бобохонов,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати.