Автобуслардаги асаббузарликларнинг адоғи борми?

“Самарқанд” автошоҳбекати орқали Қўшработга кетмоқчи бўлиб, шаҳар марказидан “Сўғдиёна – “Самарқанд” автошоҳбекат” йўналишида қатновчи автобуслардан бирига чиқдим. Автобус манзилга етмасдан соя жойга тўхтади ва эшиклар очилди.

- Охирги бекат шу ер, - деди ҳайдовчи.

- Нима учун? Биз автовокзалга боришимиз керак! – дея норозилигини билдирди йўловчиларнинг аксарияти.

- Шу ердан қайрилиб оламиз, - деди йўлкирани манзилга етмасдан йиғиб олган паттачи йигит.

- Бу ҳолат аввал ҳам такрорланган, - дедим жаҳлим чиққанини билдириб, ҳайдовчи ва унинг гапини маъқуллаб турган паттачига. – Шу 51- ва 52-йўналишда ҳаракатланадиган автобусларнинг аксарияти йўловчиларни манзилигача етказмасдан, мумкин бўлмаган жойдан қайтиб кетади. Ваҳоланки, бу йўлда фақат тўғрига ҳаракатланиш кераклигини билдирувчи белги ҳам бор.

- Ука, кун иссиқ, тўғри тушунинг, - деди ҳайдовчи.

Агар автобуснинг ҳайдовчига қулай жойда эмас, белгиланган бекатда тўхтаб турганида ёки йўловчилар орасида қўлида оғир сумкалари бўлган ёши катта аёл киши бўлмаганида уни тўғри тушунар эдим.

Ҳайдовчининг устидан шикоят қилиб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилсангиз, масъуллардан “Автобуслар фирманики, ҳайдовчиларнинг ойлиги жуда кам, уларга танбеҳ берадиган бўлсак ишни ташаб кетаверади”, деган жавобни олишингиз мумкин.

Аммо оддий аҳоли деярли ҳар куни автобусга чиққанида асабийлашади. Сабаби, “план” бажарилиши учун иссиқ бўлишига қарамасдан, автобуслар бекатларда узоқ вақт тўхтаб туради. Айрим йўналиши бир хил бўлганлари “пойга” ўйнайди. Шаҳардаги деярли барча автобуслар вақтга қараб юрмайди, қишда ҳам, ёзда ҳам қуёш ботиши билан “ини”га кириб кетади. Икки-уч киши қоладиган бўлса, охирги бекатга бормасдан ортига қайтади. Буни хизмат машиналарида ёки шахсий автомобилларида юрадиган “катта” акалар билмайди, дейсизми?

Қанийди, шу “катта”лар бир ҳафта оддий аҳоли орасида, ўзини таништирмасдан автобусларда юрса, уларга қўшилиб асабийлашса, балки зарур чораларни кўришармиди?!

Тўлқин СИДДИҚОВ.