Азага айланган тўй: куёв тўй куни арафасида пичоқланди

Тўй халқимизнинг энг ширин «ташвиш»ларидан бири. Бундай дейишимизнинг боиси, тўй соҳиблари топган-тутганини сарфлаб, етмаганига қарз олиб, уни тўлаш ташвишлари билан елиб югурса-да, ҳамма шу ташвишни орзу қилади. Абдумалик ака (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам ана шундай ширин ташвишлар билан тўй бошлаб юборди. Эртага ўғли Анварни уйлантиради. Базмга меҳмонлар чақириб қўйилган.

Анварнинг синфдошлари кун бўйи ҳовли атрофини тозалаб, тўй базмига тараддуд кўришди. Ҳамма хуш кайфиятда. Айниқса, куёвболанинг ҳаяжонини сезиш қийин эмас. Ҳамма синфдошлар йиғилгач, сабзи тўғраш маросими бошланди. Аксига олгандек, тўй учун олинган сабзи майдароқ бўлиб, артиш ва тўғраш синфдошларга бироз қийинчилик туғдира бошлади. Шу вақт куёвжўра Жаббор шундай таклиф билдирди:

— Ҳошим ака уйида сабзи тўғраб сотади, 10 минг сўмдан пул йиғсак, 120 минг сўм пул бўларкан, шу кишидан тўғралган сабзи сотиб олиб келсак, нима дейсизлар?

Бу таклиф барчага маъқул келди. Қодир пул йиғишни бошлади. Шу вақт Собирга навбат келганида, у ёнидан 5000 сўм пул чиқариб бериб, паст овозда бошқа пули йўқлигини билдирди.

— Доим шунақа қиласан, сен пастсан, — деди Жаббор кўпчилик орасида уни изза қилганидан мағрур оҳангда. — Пулини қайтариб бер, ўрнига ўзим тўлайман.

Жабборнинг бу гапи Собирга жуда оғир ботди. Дўстининг очиқдан-очиқ камситишини қабул қила олмади. Урмоқчи эди, бошқалар орага тушиб уни тўхтатди. Ёши катталар жанжал қилмасликларини, ўртоғининг тўйини бузиш яхши эмаслигини айтиб, насиҳат қилишди.

Шундан сўнг синфдошлар Анварнинг машинасида Ҳошим аканинг уйига жўнамоқчи бўлишди. Аммо Жаббор ўрнидан тураётиб яна Собирга қараб дағдаға қилди:

— Бир муштимга чидамайсан, мен билан ўйнашма!..

Бу гап Собирга баттар алам қилди. Чорпоя устида турган ошхона пичоғини қўлига олиб, «Жаббор, бу ёққа кел», дея бақириб, қўлини у томонга силтади.

Ҳамма даҳшат шундан кейин бошланди. Собир бор кучи билан силтаган вақтда пичоқни ёнида турган Анварнинг бошининг орқасига санчиб қўйганди. Шу орада кимдир «Анваржон!» дея бақириб юборди. Қилмишини ҳали англаб етишга улгурмаган Собир ортига ўгирилиб қаради-ю, ерда йиқилиб ётган синфдошини кўрди.

Анвар шифохонада икки ҳафта кома ҳолатида ётгач, ҳаёт билан видолашди. Тўй азага айланди. Ёр-ёр садолари остида келин кириб келиши кутилаётган ҳовлидан дод-фарёд билан тобут олиб чиқилди. Шўх-шодон қўшиқлар янграши кутилаётган уйдан муштипар онанинг оҳу ноласи эшитилди...

Ўткирбек МАМАДАЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раисининг ўринбосари.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг раиси.