"Бахтли ҳаёт"нинг бахтиёр оилалари
Шу муносабат билан ўтказилган маросимда вилоят ҳокими Т.Жўраев иштирок этди ва янги хонадонларга эга бўлаётган оилаларни табриклади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган арзон уй-жойлар ҳудудлар қиёфасини ўзгартириш ва замонавий инфратузилма яратишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Вилоят ҳокими янги уйларга кўчиб келган ёш оилаларнинг бахтиёр ва фаровон турмуш кечиришларини ният қилиб, ушбу аҳоли масканини "Бахтли ҳаёт" маҳалласи, деб номлашни таклиф этди ва бу ташаббус қўллаб-қувватланди.
Тадбирда янги уй эгаларига хонадон калитлари ҳамда вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, уйлар қурилишида фаол иштирок этган бунёдкорлар, банк ва бошқа хизмат кўрсатиш идоралари ходимлари ҳам муносиб тақдирланди
– Ўтган йил октябрь ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида бугун ушбу кўркам уйлар қурилган масканда бир гуруҳ фахрийлар, зиёлилар билан учрашиб, бу жойларда халқимиз учун замонавий уйлар қурилади, деб айтган эди, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси А.Рустамов. – Мана бир йил ичида бу ерда шундай чиройли, замонавий уйлар қурилдики, кўрган кўз қувонади. Муҳими, бу хонадонлар уй-жойга эҳтиёжмандлар, ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида берилди. Бу давлатимиз раҳбарининг халқимиз фаровонлигини ошириш, аҳолимизнинг уй-жой муаммоларини ҳал этиш борасида олиб бораётган амалий ишларининг бир кўринишидир.
Кўп қаватли уйлар атрофида дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль сақлаш майдонлари, чиқинди йиғиш пунктлари ташкил этилди. Дарахт кўчатлари ўтқазилди, гулзор ва яшил майсазорлар яратилди.
– Бир неча йилдан буён Самарқанд шаҳрида ижарада туриб, иш фаолиятимни олиб боряпман, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Ж.Обидов. – Уч нафар фарзандим билан гоҳ у, гоҳ бу квартирага кўчиб юришнинг ўзига яраша ташвишлари бўлди. Шунинг учун бугун Президентимизнинг ташаббуси билан қурилган кўп қаватли уйлардан менга ҳам уч хонали хонадон берилиши оиламиз ҳаётидаги энг қувончли, унутилмас кун бўлиб қолди.
Вилоят ҳокими янги хонадонларни кириб кўрди ва уй эгаларини табриклади.
F.ҲАСАНОВ,
Б.МУСТАНОВ (фото).