Байден Украинага Россия ҳудудига чуқур зарба беришга рухсат берди

АҚШ президенти Жо Байден ўз муддатининг охирида Киев кўп ойлардан бери сўраб келаётган талабга ижобий жавоб берди: у Россиянинг ички ҳудудига ATACMS баллистик-тактик ракеталари билан зарба беришга қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда Американинг бир қанча газеталари ва телекомпаниялари Байден маъмуриятидаги аноним суҳбатдошларига таяниб хабар беришди.

Айтилишича, Байден бу қарорга Шимолий Корея аскарларини Курск вилоятидаги урушда Россияга ёрдам бериш учун юборганига жавобан қабул қилган.

Расмийлардан бирининг айтишича, бу чора қисман Пхеньянни қўшимча аскар юборишдан қайтаришга қаратилган. "Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин биринчи бўлинмаларни юбориш қимматга тушган хато эканлигини тушуниши керак", деди расмий.

Ҳарбий кузатувчиларнинг таъкидлашича, Россия ҳудудига ракета зарбалари бериш Украинага мудофаасини сақлаб қолишга ёрдам берса-да, урушда бурилиш нуқтасини келтирмайди.