Байденни президентлик пойгасидан воз кечишга ким ишонтирди ва бу қандай содир бўлди?
Кеча хабар қилганимиздек, АҚШ президенти Жо Байден президентлик муддатига қайта сайланиш учун курашмаслигини маълум қилди. “Президентингиз сифатида хизмат қилиш ҳаётимдаги энг катта шарафдир. Қайта сайланиш истагим бўлса-да, мен орқага чекинишим ва фақат муддатнинг қолган қисмида президент бўлиб ишлашга эътибор қаратишим партиям ва мамлакатим манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайман”, — дейди Байден ўз аккаунтида.
АҚШ президенти Жо Байден икки нафар энг яқин маслаҳатчиси уни қайта сайланиш имконияти йўқлигига ишонтирганидан кейингина сайловолди пойгасидан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Politico газетаси манбаларга таяниб хабар беради.
Айтилишича, ўтган дам олиш кунлари Байден билан учрашувни унинг икки “яқин маслаҳатчиси” – Майк Донилон ва Стив Ричетти билан ўтказган. Улар ўз суҳбатдоши эътиборига унинг қайта сайланиш имконияти билан боғлиқ партиядошларининг ташвишларини етказишган, сайлов кампаниясига хайриялар камайгани ҳақида маълумот берган, шунингдек, унинг ғалаба қозониш имконияти йўқлигини тасдиқловчи жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини тақдим этдган.
Жо Байден вице-президент Камала Харрисга Демократик партиядан президентликка номзод бўлишни таклиф қилди ва уни партияси номзоди сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Демократлар номзоди партиянинг 19-22 август кунлари бўлиб ўтадиган миллий қурултойида расман кўрсатилади.
Доналд Трамп Байденнинг сайловдан воз кечишига жавобан уни “мамлакат тарихидаги энг ёмон президент” деб атади.
Катта сиёсатчилар Байденга бажарган иши учун миннатдорчилик билдира бошладилар.
Кремль Байденнинг қарорини шарҳлар экан, АҚШдаги сайловлар олдидан кўп нарса ўзгариши мумкинлигини айтди. “Сайловга ҳали 4 ой бор ва бу жуда узоқ вақт, бу вақт ичида кўп нарса ўзгариши мумкин. Сабрли бўлиш ва кейин нима бўлишини диққат билан кузатиш керак. Бизнинг устувор вазифамиз махсус ҳарбий операцияда мақсадга эришишдир”, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Жо Байден Доналд Трамп билан мунозарада муваффақиятсизликка учрагач, деярли бир ой ўтгач яна бир муддатга номзодини қўйишдан воз кечди, дейишмоқда айрим сиёсатчилар. 27 июнь куни Байден Трамп билан дебат ўтказган ва экспертларнинг фикрича, республикачи номзод ғалаба қозонган. Шундан сўнг Байден вакили бўлган Демократик партия вакиллари уни сайловолди пойгасидан воз кечишга чақира бошлади. 30 дан ортиқ америкалик конгрессменлар очиқчасига шундай чақириқлар билан чиқишди. Байден жавобан ноябрга белгиланган сайловларда ғалаба қозонишини айтди.
Шунингдек, Байден ковид туфайли ўзини изоляция қилган ҳолда президентлик пойгасидан чиқишга қарор қилди, деб хабар бермоқда CNN. Оқ уй 17 июль куни Жо Байденда коронавирус тести ижобий чиққанини эълон қилди. Президент ковиднинг "енгил аломатларини" бошдан кечирган. У Делавердаги уйида ўзини изоляция қилган. Шифокори Байденнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланганини айтган.
АҚШ президентининг сайловларда иштирок этишдан бош тортиши бир неча ўн йилликлар ичида биринчи марта бўлди, дея қайд этади CNN. Телеканал Байденнинг қарорини 1968 йилда АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон иккинчи муддатга сайланишдан бош тортганига қиёслайди.