Байрам кунлари барча даволаш муассасаларида туну кун навбатчи бригадалари ташкил этилди 

1-5 сентябрь кунларида аҳоли саломатлигини таъминлаш борасидаги ҳукумат ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича туну кун навбатчилик ташкил этилди.

Халқимиз байрамни хотиржам, осойишта, тинчлик-тотувликда ўтказишини таъминлаш мақсадида халқ сайиллари, байрам тадбирлари ўтказиладиган ва аҳоли гавжум жойларда тиббий ёрдам хизмати ташкиллаштирилди.

Шунингдек, байрам кунлари вилоятимиздаги барча ҳудудий оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда белгиланган тартибда байрам кунлари 08:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатадиган шифокор ва ҳамширалардан иборат навбатчи бригадалар ташкил этилди.

Биргина шошилинч тиббий ёрдам тизими муассасалари ва “Тез ёрдам” хизмати, хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали ҳамда унинг шаҳар ва туман ҳудудларидаги тиббиёт бирлашмалари тизимидаги барча бўлимларида 70 нафар шифокор, 400 нафар ҳамшира, жами 500 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари одатдаги тартибда, узлуксиз ишламоқда.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.