Беларусь Ички ишлар вазирлиги Светлана Тихановская қидирувга берилганини тасдиқлади

Беларусь Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Ольга Чемоданова РИА Новости нашрига, мухолифатчи ва мамлакат президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская Беларусь ва Россия ҳудудлари бўйлаб давлатлараро қидирувга берилганини тасдиқлади

7 октябрь куни Россия ИИВ Тихановскаяни қидирувга берган эди. Адвокат Дмитрий Аграновскийнинг маълум қилишича, бу иттифоқ давлат (Россия ва Беларусь) доирасидаги одатий жиноий-ҳуқуқий амалиёт. Унинг сўзларига кўра, бу Беларусь ўз фуқароларини қидириш учун Россияга мурожаат қилган биринчи ҳолат эмас. Баъзида Россия ҳам Беларусга шундай мурожаатлар қилиб туради. 

“Унга нисбатан (Тихановская) давлатлараро қидирув эълон қилинди, тасдиқлайман. Бироқ айнан қайси иш бўйича эканлигини, Беларусь Республикаси тергов қўмитасидан аниқлаштиринглар”, деди Беларусь Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби.