Бепул дори-дармон, кўчаётган лаборатория, ишсиз қолган тиббиёт ходимлари

 Тизим масъули бирламчи тиббиётдаги ўзгаришлар ҳақида нима дейди?

 Президентнинг “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида бирламчи тиббиёт тизимида қатор янгиликлар амалга оширила бошланди. Шу кунларда мазкур ўзгаришлар намунали  ҳудудлар сифатида танлаб олинган Булунғур, Иштихон туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридаги оилавий поликлиникалар фаолиятида кўзга ташлана бошлади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жамшид Жиянов билан суҳбатлашдик.

- Биринчи навбатда аҳолига танлаш имконияти берилмоқда, - дейди Ж.Жиянов. – Яъни, илгари фуқаро ўзи яшайдиган ҳудуд поликлиникасида рўйхатдан ўтиш ва ўша ерда даволаниши мумкин эди. Эндиликда поликлиника билан аҳоли ўртасида битим тузилади. Унда маълум шартлар ва иккала томоннинг ҳам мажбуриятлари бўлади. Аҳолининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш белгиланган. Фуқаро ўзига маъқул келмаган тиббиёт муассасаси билан битимни бекор қилиб, бошқа поликлиникага мурожаат қилиши мумкин. Пилот ҳудудларнинг барчасида марказий поликлиника биноси ўзгаради ва янги бинога ўтказилади. Оилавий поликлиникалар уч типга ажралади: биринчиси 3 мингдан 12 минггача бўлган аҳолига хизмат кўрсатади. Кейингиси 12 мингдан 54 минггача бўлган аҳолига хизмат кўрсатади ва шу поликлиникаларнинг жойлардаги филиаллари ташкил этилади. Маҳалла тиббиёт пунктлари ҳам эндиликда филиал мақомига эга бўлади.

Поликлиникаларда имконияти чекланган инсонларнинг ҳаракатланиши учун барча шароит яратилади. Айниқса, шу пайтгача муаммоли бўлиб келган жиҳат, яъни бирламчи тиббиёт тизими муассасаларининг аксариятидаги ҳожатхона масаласи. Ушбу пилот ҳудудларда санитар хоналар барча стандартлар асосида амалга оширилиши белгиланган.

Энг муҳим жиҳати тиббиёт ходимларининг ойлик маоши оширилиши билан боғлиқ. Мисол учун, эндиликда иш стажидан қатъи назар, пилот ҳудудлардаги бирламчи тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокорларга 6,5 миллион сўм, ҳамшираларга 4,5 миллион сўм маош белгиланади.

- Рақамлаштириш тизимининг тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун қулайлиги нимада?

- Танланган уч ҳудуддаги поликлиникаларнинг барчаси рақамлаштириш тизимга ўтказилди. Эндиликда аҳоли картасини излаб, уни кўтариб юриши шарт эмас. Ҳар бир шифокор тиббиёт муассасасига келган беморнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотларни зарур пайтда кўриб, таҳлил қилиши мумкин.

Шунингдек, тўсиқсиз тизим ишга туширилади. Яъни, бир пайтлар поликлиникаларда бўлган “дарча” тизими бекор қилинади. Поликлиникага киргандан бошлаб қайси шифокорга бориш кераклиги ҳақида махсус кўргазмали воситалар жойлаштирилади.

Ҳар бир поликлиникада оилавий шифокор, рентгент, УТТ аппарати бўлади.

- Поликлинкаларда лабораториялар фаолият кўрсатмайди, деган фикрларни кўпчилик ташвишланиб билдирмоқда...

- Бугун ҳар бир поликлиникада лаборатория бўлиб, уларда бир неча турдаги таҳлиллар амалга оширилади. Эндиликда белгиланган шаҳар ва туманларда марказий поликлиника ташкил этилади ва барча таҳлиллар фақат ўша ерда амалга оширилади.

- Бу марказий поликлинкалардан олисда яшайдиган аҳоли учун ноқулай бўлмайдими?

- Йўқ, чунки ҳар бир поликлиникада таҳлиллар учун йиғиш пунктлари ташкил этилади. Кейин махсус идишларда марказий поликлиникаларга келтирилади. Таҳлил натижалари электрон базага киритилади. Биласиз, кўп ташхис қўйиш учун бемор бирор бир ҳудуддан келаётган бўлса, аввал ўз поликлиникасида, туманда, кейин вилоятда ҳам бир хил таҳлилларни қайта-қайта амалга оширишига тўғри келарди. Эндиликда бундай сарсонгарчиликларнинг олди олинади ва ўша электрон базага киритилган жавоблар барча шифохоналар учун етарли бўлади.

Бугун аксарият оилавий поликлиникалардаги лаборатория жиҳозлари эскирди, улардаги аниқлик фоизи ҳам тобора пасайган. Ҳудудлардаги марказий поликлиникаларга келтириладиган янги лаборатория жиҳозлари 100 фоиз аниқликда ишлайдиган энг замонавий аппаратлардир. Аҳоли учун 12 турдаги бепул кафолатланган пакет лаборатория таҳлиллари ўтказилади.

- Поликлиникаларда аҳолига қандай турдаги дори-дармонлар бепул берилади? Бу бўйича ўзгаришлар борми?

- Эндиликда поликлиникаларда аҳолига дори-дармон берилиши реимбурсaция дастури бўйича амалга оширилади. Энг кўп учрайдиган, яъни юрак-қон томир, эндокрин, нафас йўллари хасталиклари, ошқозон-ичак тизими хасталиклари учун 29 турдаги дори-дармонлар бепул ажратилади. Хўп, реимбурсaция дастури қандай амалга оширилади? Бу дастурга кўра, ҳар бир беморга поликлиникада электрон рецепт асосида код берилади. Бемор ушбу код билан исталган поликлиникада ўша дориларни бепул олиши мумкин.

- Бирламчи тиббиётдаги бундай ўзгаришлар туфайли бир қанча тиббиёт ходимлари ишсиз қоляпти, деган гаплар ҳам қулоққа чалиняпти...

- Иштихон, Булунғур туманида бирламчи тиббиёт самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилган ишлардан сўнг тиббиёт ходимларининг иши масаласида муаммо бўлгани йўқ. Самарқанд шаҳрида эса бу масала бироз муаммоли бўлди ва айни пайтда шифокор ва ҳамшираларни иш билан таъминлаш масаласи босқичма-босқич ҳал этилмоқда. 

- Бу каби янгиликлар бошқа ҳудудларга ҳам жорий этиладими?

- Албатта, 2026 йилнинг 1 январидан бошлаб, барча ҳудудларда шу тизим йўлга қўйилади.

Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.